Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда сайёрамиздаги катта ёшдаги инсонларнинг учдан бир қисми чекар экан. Бу 1 миллиард 100 миллионга яқин кишидир. Уларнинг 200 миллионни аёллар экани айтилади.
Таҳлилчиларнинг сўзларига, кўра ҳар йили чекиш 3 миллион 500 минг кишининг умрига зомин бўлади.

Ҳисоб-китобларга қараганда, бир кунда 10 мингга яқин киши чекишнинг қурбонига айланмоқда. Ҳар йили сайёрамиз аҳолиси томонидан бир триллион донадан ортиқ сигарет чекилади. Бу бир йилда 100 миллиард доллар маблағ худди сигарет тутуни каби ҳавога учишини англатади. Сигарет тутунидан машҳур кишилар, жумладан, Борис Пастернак, Зигмунд Фрейд, Уолт Дисней, ҳатто Англия қироли Георг тўртинчи ҳам вафот этгани тез-тез эсга олинади.
1990 йилда сигарет сотилиши бўйича бадавлат давлатлар ҳиссасига 38 фоиз тўғри келган бўлса, 2009 йилда бу рақам 24 фоизга камайди. Жаҳонда сотилаётган сигаретларнинг 76 фоизи ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келар экан.

Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, жаҳонда чекувчилар сони бўйича биринчи ўринда аҳолисининг 68,2 фоизи чекувчи Мўғилистон туради.
Кейинги ўринларда Хитой (67,8), Кения (67,1), Камбоджа (66,4) ва Намибия (65,1фоиз) туради.
Аҳолиси 1 миллиард 300 миллиондан ошгани сабабли ҳам Хитой чекувчилар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. Дунёаҳолисининг 20 фоизи истиқомат қиладиган Хитойда жаҳонда ишлаб чиқариладиган сигаретларнинг 25 фоизи чекилади. Шу сабабли бўлса керак “Осмон ости” мамлакатида чекишга қарши кескин чора- тадбирлар кўрилмоқда. Мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида инсон саломатлиги учун хавфли бўлган тамаки маҳсулотларини тақиқлаш борасида жиддий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
1 миллиард 200 миллион аҳолига эга Ҳиндистонда чекувчилар сони 250 миллионга яқинлашиб қолган. Шу сабабли ҳам бу мамлакатда жамоат жойларида, бар ва идораларда чекиш тақиқланди.
Зимбабведа фермерларнинг учдан бир қисми, ишчиларнинг 12 фоизи тамаки саноати ҳиссасига тўғри келади.
18-аср охири –19-аср бошларида папирос ишлаб чиқарадиган машинанинг ихтиро қилиниши билан чекиш оммалаша бошлади.
Чекишга бўлган муносабат 1956 йилда бирданига ўзгарди. Ўшанда жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 40 мингга яқин шифокор ўз мижозларининг касаллигига тамаки айбдор деган хулосага келган эди.
Россияда ўқув, даволаш муассасаларида, жамоат транспортида ва стадионларда чекиш тақиқланган. Чекаётган кишиларни реклама учун суратга олиш, тамаки маҳсулотларни телевизорда реклама қилиш ҳам мумкин эмас. Балоғатга етмаганларга сигарет сотилмайди.
АҚШнинг ҳар бир штати чекишга қарши ўзига хос кураш олиб боради. 1987 йилнинг 6 февралидан мамлакатнинг барча ҳудудларидаги федерал биноларда чекиш тақиқланди. Нью-Йорк штатида усти ёпиқ жамоат иншоотларида, хизмат автомобилларида чекиш мумкин эмас. Акс ҳолда қонун бузувчилар 1000 доллар миқдорида жарима тўлайди.
Италияда жамоат жойларида чеккан кишилар 250 евродан 2000 еврогача жарима тўлайди.
Бутан қироллигида чекиш қонундан ташқари, деб эълон қилинган. Сигарет сотганлар 225 доллар миқдорида жарима тўлашга мажбур. Эслатиб ўтамиз, бу мамлакатда ўртача ойлик маош атиги 16 долларни ташкил қилади.
Швецияда 1975 йилдан кейин таваллуд топганлар соғлом ўсишлари учун “Чекмайдиган авлод” номини олган умуммиллий компания жорий этилган. Агар мамлакат ёшларидан кимдир хорижда ўқимоқчи бўлиб, бунинг учун давлатдан стипендия олмоқчи бўлса, у ҳолда чекишни ташлаши керак бўлади.
Германияда суғурта тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, чекмайдиганлар 40 фоиз кам миқдорда бадал тўлайди.
Белгияда ёпиқ жамоат биноларида чекиш тақиқланган бўлиб, қонунни бузганлар 480 доллар миқдорида жарима тўлайди.
Голландияда 12-16 ёшдаги чекмайдиган ўсмирлар ҳар ойда 200 доллар олиш имкониятига эга. Жаҳонда чекишга қарши энг кескин чора Финландияда экани маълум бўлди. Мамлакатга сигарет олиб кириш чекланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Балоғатга етмаганларга битта сигарета сотиш ҳам жиноят” деб огоҳлантирди. Қонунни бузганлар катта жаримага тортилади ёки олти ойгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
“Чекишга қарши кураш ойлиги” финлар томонидан ўйлаб топилган бўлиб, бу мамлакатда фақат кўчалардагина
чекиш мумкин.
Испанияда даволаш муассасалари ва ўқув даргоҳларида тамаки маҳсулотларининг савдоси ман этилган. Жамоат транспортида, ҳомиладор аёллар меҳнат қилаётган иншоотларда, маъмурий биноларда, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган цехларда, кўргазма ва ўқув залларида, лифт, театр, кинотеатрларда, ёпиқ спорт иншоотларида чекиш асло мумкин эмас.
Польшада ҳам жамоат жойларида чекиш мумкин эмас. Кўчалардаги сигарет сотувчи автомат-дўконлар йиғиштириб олинди.
Венгрияда таъқиқланган жойларда чеккан кишилар 125 доллар тўлайди. Сигарет сотиш қоидаларини бузган дўкондорлар эса 420 доллар миқдорида жарима тўлашга мажбур.
Канададаги барча давлат муассасаларида чекиш таъқиқланган. Шунингдек, аэропорт, вокзал ва хизмат жойларига сигарет билан келиш мумкин эмас. Кулдонлар мамлакатдаги барча бар ва ресторанлардан йўқотилди. Тамаки компаниялари мусобақаларга ҳомийлик қила олмайди.
Сингапурдаги кинотеатр, театр, лифт, автобус, метро, поезд, касалхона ва поликлиника ҳудудларида чекиш мумкин эмас. Бу мамлакатда сигарет рекламасига йўл қўйилмайди.
Япониянинг Осака шаҳрида фаолият юритувчи фирмалар чекмайдиган ходимларига мукофотлар жорий қилган. Ярим йил мобайнида оғзига сигарет олмаган ходим 190 доллар мукофот пули олади.
Малайзияда кимда ким чекишни ташласа, имтиёзли кредит олиш имкониятига эга.
Австралияда қабул қилинган қонунга кўра, эндиликда сигарет қутиларининг ҳаммаси бир хил кўринишга эга бўлади.
Туркиядаги қишлоқлардан бирида ўсиб келаётган ёш авлодга намуна бўлиш мақсадида катталарнинг чекиши таъқиқланган.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА