Бугун 11 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Чекловлар мавжуд аммо истиснолар бор

Чекловлар мавжуд аммо истиснолар бор

Санкциялар ва Москва билан сиёсий зиддиятларга қарамай, Германия Россияга тиббий маҳсулотлар етказиб беришни оширмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида Германиядан Россияга протезлар экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 19 фоизга ошиб, 112 миллион еврога етди. Бу камида 2020 йилдан буён биринчи ярим йиллик учун қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Шу билан бирга, мазкур даврда Германиянинг Россияга умумий экспорти 2,9 фоизга камайган. Протезлар етказиб бериш ҳажмининг ўсишига Украинага қарши уруш оқибатлари ҳам таъсир кўрсатаётгани айтилмоқда. Ғарб баҳоларига кўра, Россиянинг бир миллиондан ортиқ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган ёки яраланган.

Германиянинг бошқа соҳалардаги экспортида ҳам ўсиш кузатилган. Хусусан, Россияга фармацевтика маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми тахминан 18 фоизга ошиб, 1,5 миллиард еврога етган. Қишлоқ хўжалиги техникаси экспорти эса 61 миллион евродан 89 миллион еврога кўтарилган.

Европа Иттифоқи санкцияларида гуманитар сабабларга кўра айрим тиббий маҳсулотлар ва дори-дармонлар учун истиснолар назарда тутилган. Шу боис иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлса-да, тиббий маҳсулотлар етказиб бериш давом этмоқда.

Киритилди: 17:46 10.10.2026. Ўқилди: 1003 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!