Бугун 24 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Чашмадек жилвакор она тилим

A A A
Чашмадек жилвакор она тилим

Қадрим сўрасангиз қароғим тилим,
Кўнгил осмонида чақмоғим тилим,
Нонидек тотлию, чойидек иссиқ,
Ўзбек кўксидаги булоғим тилим.
(Маҳмуд Тоир)

Она тилим! Юрагимда майса мисол унган тилим. Не-не даҳоларнингдил тубидаги гавҳарларларини олам узра ёйишга хизмат қилган, миллат номини танитишда беназирим, беминнатим - тилим.

Буюк тилшунос олим Маҳмуд Қошғарий шундай деган эди: «Худо давлат қуёшини турклар буржида яратди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди… Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл – уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилдасўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар.Ҳатто улар ўз паноҳида турган бошқаларнинг гуноҳини ҳам кечиб юборадилар» («Девону луғотит турк»дан).

Бугун миллатимиз фарзандларига она тилига бўлган ҳурмат туйғусини уйғотишда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг ўрни беқиёс. Мана бир неча йиллардан бери октябрь ойи умумтаълим мактабларида – она тили ва адабиёт фан ойлиги ҳисобланади. Бу йил октябрь ойи – мумтоз адабиёт ойлиги ҳам дея эълон қилинди.

Ўз фанининг фидойи устозлари гарчи йиллар давомида ўзбек тили ва адабиёти равнақи йўлида заҳмат чексалар-да, фан ойлигини юқори савияда ўтказишни, 21 октябрь ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кунни муносиб ташкил этишнинг ҳаракатида бўладилар. Намойиш этилган тадбирлари, байрам кечаларидан олинган фотолавҳаларни ижтимоий тармоқдаги касбдошларига илинадилар. Ҳаттоки, фаоллар зали мавжуд бўлмаган мактаблар ҳам очиқ майдонларда, мактаб фоеларида турли тадбирлар ташкил қиладилар. Шуларни кузатиб борар эканман, тил дилларни бирлаштиришишига яна бир марта ишонч ҳосил қиламан.

Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлимига қарашли мактаблар ҳам бир ой мобайнида жонажон тилимиз, қадрдон мумтоз адабиётимиз шарафини янада кўтариш мақсадида турли тадбирлар ташкил этдилар. Жумладан, «Навоий ворислари» , «Ғазалхон ўқувчи» , «Ҳуснихат» , «Тил байрамига бағишланган энг яхши сценарий» ,«Энг яхши очиқ дарс», «Энг яхши анимацион дарс» , «Энг яхши она тили синф хонаси», «Энг яхши адабиёт синф хонаси» танловларининг ташлкил этилиши ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтирди. Шоир, ёзувчилар, тилшунос олимлар, санъаткорлар билан учрашувлар ўқувчиларга олам-олам завқ бағишлади.

Мирзо Улуғбек туманидаги 248-мактабда «Боболардан мерос тилим», деб номланган адабий кеча халқ оғзаки ижодига бағишланганлиги билан алоҳида аҳамиятлидир. Доно халқимизнинг мақоллари, топишмоқлари, эртаклари, қўшиқлари, достонлари асосида тузилган байрам тадбири мактаб ўқувчилари ва ташриф буюрган меҳмонлар ёдида узоқ вақт сақланиб қолишига ишонамиз.

Инсон энг самимий, энг ички туйғуларини пок тарбия пайтида олади. То бешикда экан, эшитган аллалари-ла она тилининг таъсири остида ўсади. Натижада энг кучли севганимиз тил — она тилимиздир. Руҳимизга вужуд берган бутун дин, ахлоқ ва гўзалликниўша тил воситасида олганмиз.

Сувдек мулойим, нондек азиз, қуёшдек иссиқ, ҳаводек зарур она тилимиз! Усиз яшаш мумкинми?! Бугун кичик бир мақола орқали заҳматкаш, фидойи она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг бир олам завқ, бир олам меҳр билан бажарган ишларини шарҳлаб ҳам, баҳолаб ҳам беролмайман. Ишонаманки, чашмадек жилвакор она тилимиз, фахрланса арзигулик мумтоз адабиётимиз бор экан, уни келгуси авлодларга ҳам гард юқтирмай тақдим эта олишдек шарафли бурч биз ўқитувчиларнинг қўлимиздадир!

Мирзо Улуғбек туманидаги
248-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
Феруза СОЛИХЎЖАЕВА

Киритилди: 12:00 28.10.2018. Ўқилди: 5905 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар