Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва АҚШ президенти Дональд Трамп телефон орқали суҳбат чоғида Украина бўйича "хоҳловчилар коалицияси"ни муҳокама қилди.
Бу ҳақда Британия бош вазирининг идораси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, томонлар икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилган, шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олган.
"Украина масаласини муҳокама қилар экан, Бош вазир президентни шу ҳафтада Парижда бўлиб ўтган "хохловчилар коалицияси" йиғилишидаги самарали муҳокамалар ҳақида маълум қилди", — дейилади хабарда.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, Россия президенти Владимир Путинга "коллектив босимни давом эттириш" зарурлигини яна бир бор тасдиқладилар.
Эслатиб ўтамиз, 27 март куни Парижда "хоҳловчилар коалицияси" саммити бўлиб ўтган ва унда 30 га яқин давлат вакиллари Украина можароси тугаганидан кейин Киев учун эҳтимолий "хавфсизлик кафолатлари"ни муҳокама қилган эди. Асосий мавзулардан бири Украина ҳудудига ҳарбий контингентни жойлаштириш эҳтимоли эди.