Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Бухоролик йигит нега тоғасининг тилла тақинчоқларини ўмарди?

Бухоролик йигит нега тоғасининг тилла тақинчоқларини ўмарди?

Бухоро туманининг Хонабод қишлоғида яшовчи, оққон касаллигига чалинган 25 ёшли Мансур Нарзиев (исми-шарифлар ўзгартирилган) даволаниш учун тоғаси Абдурасул Исломовнинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, 68 305 000 сўмлик тилла ва кумуш тақинчоқларни ўғирлади. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди раиси Нозимжон Жўраев Дарё га маълум қилди.

Тунда ўғрилик содир этиб, воқеа жойидан яширинган Мансур Нарзиев эртасига тилла ва кумуш тақинчоқларни олиб, Бухоро шаҳрилик танишларига сотиб, кейин у пулларга даволанишни мақсад қилди.

Ҳеч қаерда ишламайман, иккинчи гуруҳ ногирониман. Шифокорлар ташхиси мени ҳар куни ўйга солади. Бир нафар фарзандим бор. Лекин хасталикдан азоб чекаман. Тоғам тилла тақинчоқлар савдоси билан шуғулланади. Унинг уйида тилла буюмлар кўплигини билганим учун ҳам ўғриликка қўл урдим. Уларни сотиб, яшашга умид боғладим. Аммо қаттиқ пушаймонман , деди бемор жиян сайёр судда.

Мазкур голат Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди томонидан Хонабод маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган сайёр судда кўриб чиқилди. Мансур Нарзиев Ўзбекистон Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг в бандида (кўп миқдорда ўғрилик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди.

Ўғлимнинг даволаниши учун бормаган жойимиз, кирмаган эшигимиз қолмади. Ҳар тонг фарзандимнинг умидсиз боққанини кўриб, минг ўлиб-тириламан. Лекин оиламизда ҳеч ким бундай тарбия олмаган. Ноиложлик, чорасизлик хастагина боламни йўлдан оздирган кўринади , кўз ёш тўкади онаси Руқия Исломова.

Суд ҳукмига кўра, Мансур Нарзиевга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Мансур Нарзиев суддан чет элга операция қилиши учун кетиши лозимлигини, ўғриликни пулга муҳтожлиги сабабли содир қилганини, оилавий шароитини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради

Айбланувчи Мансур Нарзиевнинг айбига иқрорлиги, жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги ва яқин қариндоши тоғасининг унга даъвоси ва жиянига шахсий адовати йўқлиги, шунингдек, бемор жияннинг муқаддам судланмаганлиги, оғир касалликка чалинганлиги инобатга олиниб, унга 1 йил шартли синов муддати белгиланди , деди суд раиси Нозимжон Жўраев.

P.S. Айбланувчи ва унинг онасининг фикрлари орқали ўғрилик ёш, аммо хаста йигит томонидан даволаниш учун пул тополмагач, чорасизликдан жиноят содир этилганини англаш мушкул эмас. Яшашга талпинаётган йигитга нисбатан суд адолатли қарор чиқарди. Хўш, туман ҳокимлиги ҳамда соғликни сақлаш мутасаддилари-чи?! Онаизорнинг оғриқли сўзларига адолат билан қараб, кўмак беришганда, балки бу жиноят содир этилмас эди.

Киритилди: 16:10 05.02.2019. Ўқилди: 1724 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!