Жорий йилнинг 16 апрель куни соат 20:00 ларда 1987 йил Ғиждувон тумани, Оқработ қишлоғида туғилган Ғайрат (исми ўзгартирилди) уйида турмуш ўртоғи билан тортишиб қолади ва металл дастали болтанинг тиғ қисми билан рафиқасининг бош ва орқа бел соҳасига қасддан уриб, унга оғир шикаст етказади.
Суднинг қора курсисига ўтиргач у қилмишига пушаймон бўлди. Оилани муқаддас билган жабрланувчи аёл турмуш ўртоғини кечирди, у билан ярашди, ҳатто даъво ҳам қилмади.
Шундай бўлсада, қонун барчага баробар. Суд Ғайратга нисбатан Жиноят кодексининг 126-1-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) 7-қисми “ж” банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Бироқ, суд жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, у қилмишига пушаймонлигини, жабрланувчи билан ярашиб, вояга етмаган тўрт нафар фарзандларни тарбиялаб келаётганлигини, оилада ягона боқувчилигини, қолаверса, унинг қарамоғида қария касалманд онаси борлигини, Ғиждувон тумани “Оқработ” маҳалла фуқаролар йиғинининг кафолат хатини эътиборга олди.
Инсонпарварлик тамойиллари асосидаги қонунларимиз Ғайратнинг жонига оро кирди. Натижада, унга Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли ҳукм қилиш) қўллаб, шартли ҳукм қилиниб, 2 йил синов муддати белгиланди.