"Ўзэнергоинспекция"нинг ҳудудий бошқармалари томонидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда назорат тадбирлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Ушбу тадбирларнинг асосий мақсади эса энергия ресурсларидан фойдаланишда давлат назоратини ўрнатишдир.
Бироқ назорат ишлари жараёнида энергия ресурсларидан фойдаланишда қонунбузарлик ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Жумладан, Бухоро вилояти Ромитан туманидаги Деча маҳалласида яшовчи фуқаролардан бирига тегишли, қуввати 55 кВтни ташкил этувчи сув насосига ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг уланиш схемаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилгани маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолат натижасида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 406 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Шунингдек, Хоразм вилояти Янгибозор туманида жойлашган “Ф.Г.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли автотранспортларга газ тўлдириш-компрессор шохобчасида ҳам қонунбузарлик ҳолати қайд этилди. Текширув давомида шохобчадаги газ ҳисоблаш ускунаси конфигурациясига ташқи таъсир кўрсатилгани аниқланди. Мазкур қоидабузарлик оқибатида газ таъминоти корхонасига 3 миллиард 48 миллион сўм миқдорида моддий зарар келтирилган.
Инспекция ахборот хизматининг хабар беришича, ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговгача текширув ишлари олиб борилмоқда.