Украина Қуролли кучларининг бир неча юқори мартабали ҳарбий хизматчиси Запорожье вилоятининг Киев назоратидаги қисмида 128-тоғли ҳужум бригадаси ходимларини тақдирлаш маросимида ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди, деб ёзди РИА Новости Washington Post нашрига асосан.
"Ракета зарбаси оқибатида камида 19 аскар, жумладан, бир неча юқори мартабали зобитлар ва 128-бригаданинг энг яхши жангчилари ҳалок бўлди", — дейилган хабарда.
Тадбирда юзга яқин ҳарбий хизматчи иштирок этган. Воқеа жойига етиб келган шифокорлар мамлакатда кенг кўламли можаро бошланганидан бери бундай ҳолатни кўрмаганликларини айтишди.
5 ноябр куни Украина президенти Владимир Зеленский Запорожье вилоятининг Киев назорати остидаги қисмида Украина Қуролли кучларининг 128-тоғ-ҳужум бригадаси ҳарбийларига зарба берилганини маълум қилди.