Бугун – 29 июлдан 2019/2020 ўқув йили учун юртимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар тест синовларини топшира бошлади. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 5 та катта сиғимдаги биноларда – Самарқанд давлат университети академик лицейи спорт зали, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг учта спорт зали ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи спорт залида имтиҳонлар бошланди.
– Бу масканларда бир вақтнинг ўзида 3060 нафар абитуриент тест топшириши мумкин, – дейди Давлат тест марказининг Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Носир Эшонқулов. – Биноларда улар учун барча зарур шарт-шароит яратилган, кондиционерлар ўрнатилган. Тест топшириш жараёни кузатув камералари орқали кузатилмоқда. Шунингдек, абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари имтиҳон ўтаётган бинолар яқинидаги махсус ажратилган жойларда катта мониторларда бу жараёни бевосита кўриб турибди.
Бугун биринчи навбатдаги тест синовларида 3060 нафар абитуриентнинг 224 нафари қатнашмади.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Самарқанд вилоятида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 117 минг нафардан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтган. Уларнинг 96 минг нафари 13 августга қадар (шу куни ҳам) Самарқанд шаҳрида тест синовларини топширади.