Бугун 23 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Брюсселда Европа Иттифоқи етакчиларининг икки кунлик саммити бошланди

Брюсселда Европа Иттифоқи етакчиларининг икки кунлик саммити бошланди

Брюсселда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларининг икки кунлик саммити бошланди. Унда бюджет, энергия нархлари, Россия–Украина уруши, Яқин Шарқдаги вазият, иттифоқни кенгайтириш ва миграция сиёсати муҳокама қилинади.

Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ижтимоий тармоқда саммит бошланганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, учрашув «Ягона Европа — ягона бозор» кун тартибини муҳокама қилишдан бошланади.

Европа парламенти раиси Роберта Метсола Украинага Россия томонидан амалга оширилаётган ҳужумлар кучайганини таъкидлаб, Европа диққатини бошқа масалаларга қаратиб юбормаслиги кераклигини айтди. У Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ва кенгайтириш тарафдори эканини ҳам билдирди.

Люксембург бош вазири Люк Фриден эса Европа энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун энергия манбаларини диверсификация қилиш ва қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Саммитнинг биринчи кунида ЕИнинг 2026–2027 йилларга мўлжалланган иқтисодий сиёсати, энергия нархларининг ошиши ва 2028–2034 йилларга мўлжалланган кўп йиллик молиявий дастури муҳокама қилинади. Шунингдек, иттифоқни янги аъзолар билан кенгайтириш масаласи кўриб чиқилади.

Саммитнинг иккинчи кунида Украинадаги вазият, Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили, Яман, Ливан, Эрон ва Суриядаги сўнгги воқеалар муҳокама қилинади. Учрашув миграция сиёсатига бағишланган муҳокама билан якунланади.

Киритилди: 09:30 16.10.2026. Ўқилди: 876 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда