Британия санкциялар рўйхатини янгилаб, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир қанча компанияларини қўшиб олди. Жумладан, рўйхатга StanexGroup холдинги таркибига кирувчи Uzstanex LLP компанияси киритилди. Ушбу компания Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда ускуналар сотиш ва созлаш билан шуғулланади.
"Компания Украинани беқарорлаштириш ёки унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки мустақиллигини бузишга қаратилган ҳаракатларда иштирок этган, молиявий хизматлар кўрсатган ёки Украинани беқарорлаштиришга ёки унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки мустақиллигига путур етказиши мумкин бўлган ресурслар, товарлар ёки технологияларни тақдим этган", дейилади компаниянинг санкциялар рўйхатига киритилишини асословчи баёнотда.
Бундан ташқари, худди шундай асослар билан Британия Қозоғистоннинг CPS Energy LLP, ТОО TawKZ ва Rabadaziya LLP компанияларига нисбатан санкциялар киритди.
Бундан бир ҳафта олдин АҚШ ҳам Uzstanex компаниясига қарши санкциялар киритган эди. АҚШ Ғазначилик вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу компания кейинчалик Россияга етказиб бериш учун Хитойнинг Shanghai Winsun Imp and Exp Co Ltd компаниясига Европадан ускуналар жўнатилишининг номинал олувчиси сифатида ишлаган.
Санкциялар рўйхатига саноат корхоналари, автоматик бошқарув тизимлари ва электр жиҳозларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи The Elite Investment Group компанияси ҳам киритилган. 2024 йилнинг март-май ойлари орасида ушбу компания Россияга тахминан 190 минг долларлик маҳсулот, жумладан, электр трансформаторларини етказиб берган. Ушбу етказиб берилганлар аввалроқ АҚШ санкциялари остида қолган Россиянинг GTS Grupp компанияси учун мўлжаллангани иддао қилинмоқда.