Бугун 25 ноябрь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Босния урушида снайперлар орасида нуфузли сиёсатчилар ҳам бўлгани иддао қилинди

Босния урушида  снайперлар орасида нуфузли сиёсатчилар ҳам бўлгани иддао қилинди

Хорватиялик тадқиқотчи-журналист Домагой Маргетичнинг таъкидлашича, 1992–1995 йиллар Босния уруши пайтида Сараевода тинч аҳолига қарата ўт очганлар орасида юқори лавозимли, бой ва нуфузли сиёсий шахслар ҳам бўлган.

Маргетичнинг айтишича, Италиядан Сараевога махсус келиб, серб снайперларига босниялик тинч аҳолини нишонга олиш учун катта миқдорда пул тўлаган бой ишбилармонлар юзлаб ҳужжатларда қайд этилган. Миланда олиб борилаётган тергов бу даъволарни қайта кун тартибига чиқариб, жавобгарликка умид уйғотди.

Журналистнинг иддаосига кўра, Сербия президенти Александр Вучич ҳам Сараево қамали пайтида ҳарбийлаштирилган бўлинма таркибида бўлган ва снайперлар фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларда унинг номи учрайди. Маргетич Милан прокуратурасига Вучичга qarshi расмий ариза берганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, 1996 йилда Босния разведкаси ходими Неджад Углен ушбу “снайпер жиноятлари” бўйича тергов бошлаган, аммо тез орада Сараевода ўлдирилган ва иш ёпилган.

Маргетичнинг сўзларига кўра, кўплаб италиялик ишбилармонлар, испаниялик ва шимолий америкалик фуқаролар “одам овлаш”да иштирок этган бўлиши мумкин. Унинг айтишича, Сербия армиясининг айрим собиқ офицерлари Вучичнинг Сараевода бўлганини тасдиқлаган.

Сербия Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни рад этди, аммо Вучичнинг уруш пайтида Сараевода бўлган-бўлмагани ҳақида баёнот бермади.

Киритилди: Бугун 13:51. Ўқилди: 215 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!