Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда фуқаролардан келган саволларга жавоб берилди.
- Бошланғич синф ўқитувчиларининг дарс соатлари қисқариб кетаётган экан. Бунинг сабаби нима, ўқитувчи 1 ставкадан кам ишлаши мумкинми?
- 2018 йил 27 апрелда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария шифокори томонидан тасдиқланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида бошланғич (1-4) синфларга рухсат этилган максимал ҳафталик юклама жами 88 соат этиб белгиланган. Бугунги кунда бошланғич синфларнинг ҳафталик юкламалари амалда жами 98,5 соатни ташкил этиб, белгиланган меъёрдан 10,5 соат ошиб кетган.
Шу сабабли, бошланғич синфларнинг максимал ҳафталик юкламаси санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлаштирилди.
Қисқартирилган ҳолатда ҳам дипломида жисмоний тарбия мутахассислиги булган ўқитувчи 1-синфда 18 соат, 2-4 синф ўқитувчиси 17 соат дарс беради. Дипломида жисмоний тарбия бўлмаган ўқитувчилар 1-синфда 17 соат 2-4 синфларда 16 соатдан дарс бериши мумкин.
Шунингдек бошланғич синф ўқитувчиларида:
🔹 синф раҳбарлиги, дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча тўловлар;
🔹 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори талаблари асосида белгиланадиган ҳар ойлик устама тўловлари;
🔹 малака тоифа даражаларини ошириш орқали ойлик маошларини ошириш имкониятлари мавжуд.
Санитария талаблари асосида бошланғичда синфларда соатларни оптималлаштириш хисобига Халқ таълими вазирлиги томонидан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб математика, кимё ва биология, информатика фанларини чуқурроқ ўргатиш учун мазкур фанларга қўшимча дарс соатлари ажратилди.
Жумладан:
🔸10-синф “Математика” фанига ҳафтасига 1 соат;
🔸10-11-синф “Кимё” фанига ҳафтасига 1 соатдан (жами 2 соат);
🔸10-11-синф “Биология” фанига ҳафтасига 1 соатдан (жами 2 соат);
🔸5-6-синф Информатика фанига ҳафтасига 0,5 соатдан (жами 1 соат) қўшилди.
Тошкент шаҳридаги барча мактаблар ва Республика ҳудудидаги мингдан ортиқ мактаблар электрон Кундаликка ўтаётгани боис Кундалик дафтар харид қилмаслигингизни яна бир бор эслатиб ўтамиз. Ҳудудларда қайси мактаблар электрон Кундалик билан қамраб олинганлиги тўғрисидаги маълумотни мактабингиз маъмуриятидан аниқлашингиз мумкин.