Бугун 1 июнь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Бомдодни жамоат билан ўқишнинг фойдаси

A A A
Бомдодни жамоат билан ўқишнинг фойдаси

Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд, “Кўзимнинг қувончи намозда қилиб қўйилди” деган севиклигимиз, саййидимиз Муҳамммад Мустафога саловот ва саломлар бўлсин.

Биз қуйида бомдод намозини жамоат билан ўқиш ва унинг фазилати ҳақида сўз юритамиз. Дарҳақиқат, бомдод намози бир қанча фойдалари билан бошқа намозлардан ажралиб туради. Кимки мазкур фойдалардан биттасини билса, ўша фойдани қўлга киритиш учун унинг ҳимматини уйғотишга, уйқу ва дангасаликни енгишга, иссиқ кўрпани тарк қилишига ва масжид сари ҳансираб етиб боришига ўша биргина фойда ҳам кифоя қилишини англаб етади. Мазкур фойдалар қуйидагилардир:

* Аллоҳнинг зиммасига кириш.  

Жундуб ибн Абдуллоҳ ибн Суфён ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг зиммасида (ҳимоясида) бўлади. Аллоҳ сизлардан ҳаргиз Ўз зиммасидан бирор нарсани талаб қилмайди. Чунки, У Зот кимдан Ўз зиммасидан бирор нарсани талаб қилса, топади. Кейин уни юзтубан қилиб жаҳаннам оловига улоқтиради”.  Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.

Бу ҳадиснинг маъноси қуйидагича: ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади. Унга ҳеч ким ёмонлик қила олмайди. Ким Аллоҳга берган аҳдини бузса, У Зот ундан ўша аҳдни талаб қилади.

*    Қиёмул лайлнинг ажри.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан ўтказган бўлади. Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, кечанинг ҳаммасини ибодат билан бедор ўтказган бўлади”. Имом Муслим ривоят қилган.

* Нифоқдан озод бўлиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар у иккисидаги нарсани билганларида эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Батаҳқиқ, намозга амр қилиб, у қоим қилинганда бир кишини одамларга намоз ўқиб беришини буюриб, сўнгра ўзим ўтин кўтарган одамлар билан намозга ҳозир бўлмаган одамларнинг олдига бориб, устларидан уйларига ўт қўйиб юборишни қасд қилдим”, деганлар. Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган. 

* Фаришталарнинг бомдодга келганлар олдига ҳозир бўлишлари ва уларга Аллоҳ ҳузурида мақтов айтишлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар бомдод намозида ва аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари улардан Ўзи билиб турса ҳам: “Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?” деб сўрайди. Улар: “Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Улар ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар”, дейишади”, дедилар.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насаий ривоят қилишган.

* Бир ҳаж ва умранинг ажри.

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, дейилган.

Имом Термизий ривоят қилган.

* Бомдод суннатининг фазлига эришиш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар”.

Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган.

* Дўзахдан нажот ва жаннатга киришга башорат.

Умора ибн Рувайба розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қуёш чиқишидан ва ботишидан олдин намоз ўқиган киши ҳаргиз дўзахга кирмайди” деяётганларини эшитдим”.

Имом Муслим ривоят қилган. Ҳадисдаги намоз бомдод ва аср намозларидир.

* Қиёмат куни Аллоҳни кўриш бахтига эришиш (Бу фойдаларнинг энг каттасидир).

Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳу дедилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир пайт у зот тўлин ой кечаси бўлгани учун ойга назар солдилар ва: “Сизлар худди мана шу ойни кўрганингиздек Роббингизни кўрасизлар. Уни кўришда уюшиб, қисилиб қолмайсизлар. Агар қуёш чиқишидан ва ботишидан олдин намоз ўқишни кўпайтира олсаларингиз, шундай қилинглар” дедилар”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.

Бомдод намозига ўз вақтида туришга ёрдам берадиган ишлардан бири хуфтондан кейин кўп ўтирмай уйқуга ётишдир. Эрта ётиш кишини тетик бўлиб уйғонишига ва масжидга бора олишига ёрдам беради.

Бир олим “Агар сен бугунги умматнинг салоҳияти, иймону ихлоси қай даражада эканлигини билмоқчи бўлсанг, масжидларда бомдод намозида неча саф одам намоз ўқиётганига боқ!” деган экан.

Эй Аллоҳим, Сени зикр қилишимиз, Сенга шукр қилишимиз ва ибодатингни гўзал тарзда адо этишимиз учун бизга ёрдам бер! Барчамизга бомдод намозини ва бошқа фарз намозларни ўз вақтида, масжидларда, жамоат билан адо этишни насиб эт ва буни бизларга осон айла, омин!

Муаллиф: Ҳасан Рамазон Бутий

Киритилди: 04:50 02.09.2019. Ўқилди: 8330 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!