ЖССТ маълумотларига кўра, бугун дунёда мактабгача ёшдаги 47,5 фоиз ва мактаб ёшидаги 25,5 фоиз болалар камқонлик хасталигига чалинган. Юртимизда ҳам бу касаллик кичик ёшдаги ўғил-қизлар орасида кўп учрайди.
Хўш, бунинг сабаблари нимада?
😶🌫️ — Аввало, буни бир неча омиллар билан изоҳлаш мумкин, — дейди тиббиёт фанлари доктори Азиза Маҳмудова. — Яъни, кундалик истеъмол маҳсулотларида керакли витамин ва озуқаларнинг етишмаслиги, экологиянинг ёмонлашуви кўплаб хасталиклар қатори камқонликни келтириб чиқаради.
🩸Янги туғилган чақалоқларда анемия ҳомиладорлик давридаги муаммолар – қон кетиш, ҳомиланинг тушиш хавфи, онадаги юқумли касалликлар туфайли юзага келади. Эрта туғилган болаларда ҳам бу хасталик кўп кузатилади.
🛏 Бу дард билан оғриган болалар турли юқумли касалликларга тез чалинади. Оқибатда уларда камҳаракатлик, чарчоқ, уйқучанлик, иштаҳасизлик ҳамда вазн етишмаслиги кузатилади. Тери оқариб, тирноқлар ва сочлар мўртлашади.
🧏 Тил яллиғланиб, оғиз атрофида юзаки яралар пайдо бўлади. Асаб тизими фаолияти бузилади, тез-тез бош айланиши, оғриши, қулоқларда шовқин кузатилади. 1 ёшгача бўлган ва оғир камқонликка чалинган гўдаклар ривожланишда анча ортда қолади.
🫀Бундан ташқари, асабийлик, бўр ёки кесак ейиш ҳам камқонликнинг асосий белгиларидир. Хасталикнинг оғир ҳолатларида эса ҳушдан кетиш, тахикардия, нафас қисиш кузатилиши мумкин.
👩⚕️Касалликка ташхис қўйишда, аввало, педиатр-шифокор кўригидан ўтиш лозим. Қолаверса, болада анемияни аниқлаш учун гастроэнтеролог, нефролог, аллерголог, гематолог ва бошқа тор доирадаги мутахассислар текшируви талаб этилади.
🍜 Шунингдек, камқонликни даволаш учун, аввало, ёш болалар, мактаб ёшидаги ўғил-қизлар таомномаси ва кунлик тартибини қайта кўриб чиқиш керак. Бемор бола кўпроқ тоза ҳавода сайр қилиши, ўртача жисмоний фаолият билан шуғулланиши, бир вақтда ухлаб, бир вақтда уйғониши лозим.
🍱 Анемияга чалинган болалар рационида темирга бой маҳсулотлар – қизил гўшт, ловия, нўхат, қорабуғдой унидан тайёрланган нон, қўзиқорин, қуритилган мевалар ва кўкатлар бўлиши керак.
🫑🥦 С ва B12 витаминларига бой маҳсулотлар (булғор қалампири, брокколи, цитрус мевалар, балиқ, яшил баргли сабзавотлар) ҳам касалликнинг олдини олишда жуда муҳим. Боиси бу витаминларсиз темир қонга сўрилмайди.
💊 Агар болада жиддий камқонлик кузатилса, шифокор томонидан зарур дори-дармонлар тайинланади.