Бугун 28 сентябрь, 2021 йил, сешанба

O'ZB

Блогер «Қора Малибу» воқеаси бўйича Бош прокуратура ва ИИВга мурожаат қилди

Блогер «Қора Малибу» воқеаси бўйича Бош прокуратура ва ИИВга мурожаат қилди

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Олмалиқ шаҳрида ЙПХ ходими «юқоридан келган» буйруқ туфайли қоида бузилгани учун тўхтатилган қора рангли «Малибу-2» автомобили қўйиб юборилиши билан боғлиқ воқеа юзасидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

«Балиқ бошидан сасийди» дея сарлавҳа қўйилган постда юқори идоралардан бу ҳодиса бўйича тўлиқ ҳисобот берилиши сўралган, буйруқ берганларнинг исм-шарифи, лавозими очиқланиши ва уларга қатъий жазо чораси қўллаш кераклиги, энг биринчи бўлиб топшириқ берган одамни тизимдан бутунлай, бир умрга ҳайдаш кераклиги таъкидланган.

«Тошкент» телеканалидаги лавҳани кўрган бўлсангиз керак. Олмалиқ шаҳрида 01 584 ААА рақамли қора «Малибу»ни ЙПХ инспектори тўхтатади. Камар тақмагани учун жарима ёза бошлайди ва ишончнома ҳамда тонировка рухсатномасини сўрайди. Шу пайт рация орқали кимдир кимгадир алоқага чиқиб, «ходимни ушлаб туришган экан, раҳбарлардан, шундоқ алоқага чиқинг, қўйворишсин» деб топшириқ берди. Топшириқни олган «101» эса инспекторга алоқага чиқиб, «Кўп гапирмасдан, яхши етиб олинг деб қўйиб юбор» деди.

Эътибор беринг, топшириқ берганларнинг бирортаси нима қоида бузган, деб сўрамади. «Қўйвор» деди бўлди. У мастми, чаквоганми, одам урганми, ҳужжати жойидами, фарқи йўқ. Телефон бўлдими, қўйиб юбориш керак, тамом.

Инспектор бечоранинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор, боз устига ҳарбийлашган тизимларда юқоридан берилган топшириқ муҳокама қилинмайди, «тушундим сизни» дедию, қўйиб юборди. Аммо журналистларга қараб алам билан «чиқарасизларми буни?» деб сўради.

Нега алам билан? Чунки инспекторлар ҳам қоидабузарларнинг ёнини оладиган ҳожатбарор раҳбарларнинг ноқонуний топшириқларидан тўйиб кетгани аниқ. Ахир ҳаммамиз яхши биламизку, ГАИга тушиб қолса, битта телефон билан чиқиб кетиш Ўзбекистонда «мода»га айланган. Ва бу фахрланадиган иш. Чойхоналарда ўртоқларига мақтаниб айтиб бериладиган воқеа бу. Қолганлар ҳам унинг танишлари нақадар кучли эканлигини эшитиб, ҳавас қилади. Менда ҳам шунақа таниш бўлса-ю, битта телефон билан исталган муаммомни ҳал қилсам, деб орзу қилади.

Хўш, Ўзбекистон қачонгача таниш-билишлар давлати бўлади? Таниши бўлса телефон қилгани ҳам майли, аммо ЙПХ хизматидаги раҳбарлар нега бунақа қоидабузарларнинг олдига тушади?

Ўша раҳбарларни гапиртирса, халқ ЙПҲ инспекториларини ёмон кўради, бизга ишонмайди, бизга ҳурматсизлик қилади, деб нолишни билади. Лекин буни аввало ўзлари бошлаб беришади.

Тепадаги қўнғироқлардан ўлгудек қўрқадиган раҳбарлар, қани айтингларчи, сизлар кеча-ю кундуз иссиқда халқ хизматида бўлиб турган ўз ходимларингизни мана шундай ботқоққа ботиришга, уларни қайсидир «крутой»ларнинг олдида шарманда қилишга уялмайсизларми? Виждонингиз қийналмайдими?» дея саволлар қўяди блогер.

У йўл-патрул хизмати соҳасини ислоҳ қилиш бўйича охирги йилларда кўп ишлар қилинаётганини эътироф этган, шу билан бирга ислоҳотни энг аввало тизимдаги мана шундай «танка»лардан тозалаш бошланмаса, бари бефойд эканини. мансабини суиистеъмол қиладиган, қонунларга тупуриб қўйган, ўз ҳамкасбларини қоидабузарлар олдида ер билан битта қиладиган бунақа виждонсизлар ишлашда давом этса, соҳа одам бўлмаслиги аниқлигини қайд этган.

Пост давомида Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилинади.

«Ушбу лавҳа бўйича тўлиқ ҳисобот беришингизни сўраймиз. Буйруқни берганларнинг исм-шарифи ким, лавозими қанақа? Биринчи буйруқни берган энг каттакондан бошлаб «101»гача, барчасини очиқланг. Ва уларга қатъий жазо чораси қўллаш керак. Айниқса энг биринчи бўлиб топшириқ берган одамни тизимдан бутунлай, бир умрга ҳайдаш керак. Шунчаки узр сўраб, «билмай қолибман, тавба қилдим, кўзим энди очилди» деган эчки қасамлар ўтмаслиги керак. Токи бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлар эди.

«Малибу»даги «ходим» кимлигига ҳам аниқлик киритилиши, қонуний хизмат вазифасини ўтаётган орган ходимига нисбатан юқори лавозимдаги танишлари орқали босим ўтказмоқчи бўлганига ҳуқуқий баҳо берилиши керак.

Яна қайтараман, ушбу воқеа бўйича қилинган ишларга қараб, йўл ҳаракати соҳаси яқин ўртада одам бўладими ёки умид қилмаслик керакми, хулоса чиқариб олса бўлади. Мана шу энг бурилиш нуқтаси. Ёки сиёсий ирода ва қатъият кўрсатилади, ёки юраверамиз яна эски шалтоқ аравамизда», дейди блогер.

Шунингдек, бу воқеада ҳам энг катта раҳбарлар сувдан қуруқ чиқиб, пастдаги оддий ходимлар ишдан ҳайдалмаслигига умид қилинган ва инспектор Аброр Исмоилов ўзининг қонуний ҳаракатлари учун ишдан кетмаслиги жамоатчилик диққат марказида туриши кераклиги таъкидланган.

Бугун, 2 август куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида қоидабузар ҳайдовчини тўхтатган ЙПХ ходими рация орқали «юқоридан» келган буйруқ сабаб уни қўйиб юборишга мажбур бўлгани тасвирланган видео тарқалганди.

Унда хизмат вазифасини бажариб, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида ЙПХ инспекторига рация орқали алоқага чиқилгани ва Malibu’ни қўйиб юбориш бўйича буйруқ берилганини кўриш мумкин. «Телефон қилишди, қанақа машинани ушлаб турибсан?.. Қўйвор бўлди, кўп гапирмасдан. Яхши етволинг деб тушунтирвор», деган буйруқ берувчи овоз.

Кейинроқ Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати бу бўйича маълумот бериб, бу ҳодиса 28 июль куни Олмалиқ шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасида содир бўлгани, инспектор «Ўзбектемир йўлмаштаъмир» унитар корхонасига тегишли бўлган автомобилни ҳайдовчи ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмагани учун тўхтатгани, унга қоидабузарни қўйиб юборишни буюрган командирга эса чора кўрилганини маълум қилганди.

Киритилди: 16:40 02.08.2021. Ўқилди: 4679 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!