Бугун 28 сентябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Bitget криптобиржасидан 351,6 миллион доллар ўғирланди

Bitget криптобиржасидан 351,6 миллион доллар ўғирланди

Криптовалюта биржаси Bitget хакерлик ҳужумига учради. Ҳужум оқибатида тахминан 351,6 миллион долларлик маблағ ўғирланган.

Рухсатсиз транзакциялар 24 сентябрь куни соат 18:31 UTC да аниқланган. Ҳодисадан сўнг биржа маблағларни ечиб олиш операцияларини вақтинча тўхтатди. Бироқ депозит киритиш ва савдо операциялари давом эттирилмоқда.

Ҳужум «иссиқ» ва «илиқ» криптоҳамёнларнинг бир қисмига таъсир қилган. Интернетдан ажратилган «совуқ» ҳамёнлар эса хавфсиз қолган. Компаниянинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳужумчилар ҳамёнлар инфратузилмасига кириш имконига эга бўлиб, сохта транзакцияларни амалга оширишган.

Bitget бош директори Грейси Ченнинг маълум қилишича, дастлабки тергов ҳужум ортида Шимолий Кореялик хакерлар бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Терговчилар аввалроқ Шимолий Корея гуруҳлари билан боғланган IP-манзиллар ва VPN хизматларидан фойдаланилганини аниқлаган. Бироқ ҳужум манбаси ҳозирча узил-кесил тасдиқланмаган.

Bitget ўғирланган маблағларни фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш фонди ҳисобидан тўлиқ қоплашини билдирди. Компания мазкур фондда 464 миллион доллардан ортиқ маблағ мавжудлигини маълум қилди.

Ҳозирда ҳодиса бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва блокчейн хавфсизлиги бўйича мутахассислар иштирокида тергов олиб борилмоқда.

Киритилди: 08:58 26.09.2026. Ўқилди: 563 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!