Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг 05.11.2015 йилдаги 6403/2015-сонли суд буйруғига асосан Бешариқ туманида яшовчи Б.Пўлатовдан икки нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун О.Пўлатова фойдасига алимент ундириш белгиланган.
Бироқ, мазкур суд ҳужжати қарийб 6 йил давомида Бюронинг Бешариқ туман бўлимига ижро учун келиб тушмаган.
6403/2015-сонли суд буйруғи жорий йилнинг 1 июнь куни электрон тарзда келиб тушган бўлиб, ижро иши юритуви қўзғатилган ва бу ҳақда қарздор Б.Пўлатовга расман хабар берилган.
21.06.2021 йилда қарздор Б.Пўлатов ва ундирувчи О.Пўлатовалар юзма-юз учраштирилиб, алимент ундириш тартиби, миқдори ва муддатлари тушунтирилган. Суҳбат якунида Б.Пўлатов алиментни тўлиқ тўлаб юбориш учун моддий имконияти етарли эканлигини маълум қилган ва ундирувчи розилиги асосида икки нафар фарзандларининг вояга етгунига қадар 55 939 216 сўм алимент ҳисоблаб чиқилган.
Шу тариқа, қарздордан 5200 АҚШ доллари алимент учун собиқ турмуш ўртоғи О.Пўлатова фойдасига ундириб берилиши таъминланди ҳамда ундирувчининг аризасига асосан суд ҳужжати унга қайтарилди.