Қуёш Шарқдан чиқиб Ғарбга ботар экан, унинг нурлари бир маротаба бўлса ҳам буюк Алишер Навоий ҳайкалини ёритиб ўтиши бор ҳақиқат. Беш ярим асрдан зиёд вақт ўтибдики, Навоий сиймоси, унинг юксак ижодий мероси уммон сингари ҳамон мавжланиб туради. Башарият қалбини шамс каби эзгулик нурлари билан ёритиб келади.
Миллат йўлини ёритиб турган қалби қуёш инсонларни тарих саҳнасидан, халқ хотирасидан асло ўчириб бўлмайди. Не-не мустабид замонлар ҳам улуғ Навоий даҳоси олдида ожиз қолгани рост. Аммо яқин ўтмишдан маълумки, собиқ тузум халқнинг буюк руҳини сўндириш учун унинг буюк аждодларини ёмонотлиққа чиқариш, шахси ва ижодини бузиб кўрсатиш, атайин бир ёқлама талқин этишга уринди.
Бироқ, истиқлолнинг дастлабки йилларидан миллий ўзлигимизни англаш мақсадида буюк аждодлар номини тиклаш, уларнинг нодир маънавий меросини асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилди. Улуғ мутафаккир номи тикланиб, мустақиллигимизнинг дастлабки йили Навоий йили сифатида кутиб олинди. Бугун дунё халқларини ҳайратга солган, туркий ва форсий адабиётда юксак мавқега эга буюк шоир асарларидан баҳраманд бўлмаган эл бўлмаса керак. Шу боис илм аҳли борки, Навоийни ўзига устоз деб билади.
Навоийнинг эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби гўзал фазилатлар, маънавий-ахлоқий қадриятлар тўғрисидаги қимматли фикрлари ёш авлодни баркамол инсон этиб тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шоир номи билан аталувчи Навоий вилоятида ҳам ёшларнинг буюк аждодлар меросини пухта ўрганиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Вилоят марказида қад ростлаган буюк мутафаккирнинг муаззам ҳайкали атрофи доим ёшлар билан гавжум. Хиёбонга туташ муҳташам Ёшлар маркази шижоатли ёшларнинг зиё масканидир. Бу ерда фаолият кўрсатаётган 15 дан ортиқ фан, спорт, санъат тўгаракларида кўплаб истеъдод эгалари бўш вақтларидан самарали фойдаланмоқда.
Бугун шоир номи билан аталувчи вилоятда улуғ аждодимиз таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, давлат ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Навоий шаҳрида қад ростлаган мир Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйилиб, мушоиралар уюштирилди.
Дарҳақиқат, вилоятдаги олий таълим муассасалари, маърифат масканлари, меҳмонхона, халқаро аэропорт, эркин иқтисодий зонага Навоий номи қўшиб айтилади. 2001 йилда Навоий шаҳридаги марказий маданият ва истироҳат боғида буюк мутафаккирнинг муаззам ҳайкали барпо этилиб, сайлгоҳга Алишер Навоий номи берилди. Тошкентлик истеъдодли ҳайкалтарош Анвар Раҳматуллаев, меъмор Баҳром Абдуллаев ҳамда ҳайкалтарош Павел Подосипников билан ҳамкорликда ишлаган ҳайкал боғга маънавий руҳ бағишлаб турибди.
Марказий маданият ва истироҳат боғида қарийб 20 гектар майдонда 11 миллиард сўмдан ортиқ қурилиш ишлари олиб борилиб, маскан буткул янгича қиёфага кирди. 2 та мусиқали фаввора ўрнатилди. Ёзги саҳна, 22 аттракцион, кураш майдони, савдо нуқталари барпо этилди. Шоир ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўрнатилган “Юлдузнинг туғилиши”, “Ўспиринлик”, “Ёшлик” ва “Донишмандлик” деб номланган рамзий ҳайкаллар туркуми кишини фалсафий мушоҳадага чорлайди. Буюк зотнинг босиб ўтган умр йўлини тасаввур этишга ундайди. Бу ерга келган ёшу кексанинг қалбига Фарҳоднинг жасорати, Қайснинг матонати, Баҳромнинг заковати жо бўлиши шубҳасиз. Навоийни ўрганиш ёшларни ҳалоллик, поклик, мардлик, меҳр-оқибат ва садоқатга ошно этади.
Алишер Навоий ҳайкали атрофига манзарали дарахтлар экилиб, кўркам кўринишга келтирилди. Бундай янгиланиш ва улкан эътибор Навоий сиймосига қаратилаётган ҳурмат рамзидир. Боғнинг шимолий ҳудуди янги кўринишга кирди. Эскирган бута ва дарахтлар ўрнига нина баргли кўп йиллик ниҳоллар экилди. Қарийб 4 гектар майдонда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Айни пайтда манзарали дарахт кўчатларининг парваришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” ва “Ширин” маданият саройлари маданият ва маърифат масканига айланган. Нуфузли тадбирлар, учрашувлар, турли бадиий кечаларнинг кети узилмайди. Ҳар икки масканда ёш ўғил-қизлар санъат турлари билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, “Фарҳод” маданият саройининг нодир адабиётларга бой кутубхонаси ўқувчи ёшлар билан доимо гавжум. Саройнинг олд қисмида Фарҳоднинг тоғдан сув келтириш рамзий ҳайкали ўрин олган. Бу манзарани теран илғаган ҳар бир инсон кўз олдида Навоийнинг барҳаёт ғоялари гавдаланади.
Шаҳарнинг серқатнов кўчаларидан бири Алишер Навоий кўчаси кейинги беш йил ичида янада кўркамлашди. Шаҳарни Кармана туман маркази билан боғлаш мақсадида янгидан 3,4 километрлик автомобиль йўли барпо этилди. Йўл атрофида замонавий инфратузилмалар ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда кўркам бинолар, ресторан ва савдо марказлари бунёд бўлаётир. Айнан мазкур йўл бўйида ёш оилалар учун “Камолот” уйларининг барпо этилаётгани кўчага ўзгача файз бағишламоқда
Кундан кун кўркам қиёфа касб этиб бораётган вилоятда шоир ижоди ва унинг бой ижодий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, буюк мутафаккир таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан талаба ҳамда ўқувчилар Навоий ҳаётини акс эттирувчи саҳна кўринишларини намойиш этмоқда. Маданият саройлари ва таълим муассасаларида мушоира кечалар уюштирилаётир.
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида улуғ мутафаккир таваллудига бағишлаб, бадиий кеча ташкил этилди.
Manba: uza. uz