Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, Исроил авиацияси Хан-Юнис шаҳрида жойлашган Европа шифохонасига олтита бомба ташлаб, ички ҳовли ва унга ёндош ҳудудни нишонга олган.
Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) эса, бу зарба ҲАМАСнинг “қўмондонлик маркази”га қаратилган аниқ ҳужум бўлганини билдирган. Уларнинг маълум қилишича, бу марказ шифохона остида жойлашган бўлган.
Тhe Times of Israel ва Ynet нашрларига кўра, Хан-Юнисдаги ҳужумнинг асосий нишони ҲАМАС раҳбарларидан бири — Муҳаммад Синвар бўлган. Бу маълумотга ЦАХАЛ изоҳ бермаган. Муҳаммад Синварнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.
Муҳаммад Синвар — ҲАМАСнинг марҳум етакчиларидан бири Яҳё Синварнинг укаси ҳисобланади. Яҳё Синвар 2024 йил октябрида, ҲАМАС сиёсий бюросининг раҳбари этиб тайинланганидан кўп ўтмай, ўлдирилган эди.
Тhe Wall Street Journal маълумотига кўра, Яҳё Синварнинг ўлимидан сўнг, Ғазо секторида ҲАМАС ташкилоти раҳбари сифатида унинг ўрнини укаси Муҳаммад Синвар эгаллаган ва у гуруҳни қайта тиклаш устида ишлаган.