Бугун ҳафтанинг дастлабки иш куни душанба. Деярли барча идораларда янги иш ҳафтаси бошланди. Лекин бу ҳолат нотариал идораларга тегишли эмасдек.
Зарур масала юзасидан ҳужжатларини расмийлаштириш учун нотариал идораларга югурган фуқароларнинг бугун ҳафсаласи пир бўлди. Уй олди-сотдиси билан шуғулланадиган брокер агентлиги ходимларидан бири билан боғланганимизда у, бугун Тошкентдаги аксар нотариал идоралар ишламаётганини, фақатгина жума кунидан улар яна ишга қайтишини маълум қилди.
Бизга мурожаат қилганлардан бирининг айтишича, у аввалига Юнусобод туманидаги Марказ-6 даҳасида жойлашган нотариал идорага борган. У ерда бир қанча одамлар ҳужжатларга имзо қўювчи нотариус келиб қолишидан умид қилиб ўтиришибди, лекин идора раҳбарининг ўзи йўқ. Шунингдек Чилонзор туманининг Ғафур Ғулом истироҳат боғи яқинидаги иккита нотариал идорасида ҳам фақат одамлар идора очилиб қолишидан умид қилиб ўтирибди. Лекин бу ерда ҳам масъуллар йўқ.
Бу масалага аниқлик киритиш мақсадида Адлия вазирлигига телефон орқали мурожаат қилганимизда ўзини Холтурдиев Айтмурод дея таништирган ходим, масалага айтарли жавоб бера олмади. Шундан сўнг Тошкент шаҳар адлия бошқармаси вакиллари қўнғироқ қилишиб, масалани ҳал қилиш ўрнига, мурожаатим бўйича муаммони ҳал қилиб беришни таклиф қилди.
Қизиқ, улар биз мурожаат қилганимизга жавоб сифатида, муаммомиз бўлса, уни ҳал қилиб беришга тайёр эмиш. Лекин нотариал идоралар олдида турган, кутаётган фуқароларчи? Уларнинг масаласи билан ким шуғулланади? Ёки улар ҳам ҳар бири шу тариқа муаммосини алоҳида телефон қилиб, кўтариб чиқиши керакми?
Юнус Бўронов
Manba: xs.uz