Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Бирлашган Араб Амирликларининг бир қанча юқори мартабали расмийлари билан кўришди. Расмий релизга кўра, учрашувда икки мамлакат аҳолиси учун қулай шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилган.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, Бахтиёр Саидов 13 январь куни дастлаб БАА бош вазир ўринбосари ва ички ишлар вазири шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашув ўтказди.
«Биз БАА ҳукуматининг давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кун тартибини илгари суриш йўлидаги доимий кўмагини қадрлаймиз. Учрашувда ҳамкорликнинг бир қанча муҳим масалаларини муҳокама қилдик ва икки мамлакат аҳолиси учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратдик», — дейилади хабарда.
БАА тарафи тарқатган хабарга кўра, томонлар мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари ва уларни кўплаб соҳаларда мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилган.