«Барселона» клуби раҳбарияти Ла Лига тартиб-интизом қўмитасининг «Реал» форварди Килиан Мбаппега қўллаган бир ўйинлик дисквалификация жазосини ҳақоратли деб ҳисобламоқда.
Ла Лига 31-тури доирасидаги «Алавес»га қарши ўйиннинг 38-дақиқасида (1:0) «Реал» ҳужумчиси Мбаппе марказий майдонда Антонио Бланконинг оёғига бутсанинг таг қисми билан зарба берганди. Бош ҳакам Сесар Сото Градо ВАРда видеотакрорни кўргандан сўнг унга қизил карточка кўрсатганди.
Тартиб-интизом қўмитаси вазиятни ўргангач, франциялик футболчини фақат бир ўйинга дисквалификация қилиш қарорига келди.
«Бу тўқнашув ҳам, жазо ҳам мутлақо абсурд. Бу ўйин қоидасининг яққол бузилиши эди, у рақибни жиддий жароҳатлаши мумкин эди. Бундай фолга нисбатан бир ўйинлик жазо – ҳақиқий шармандагарчилик», – деди «Барселона» вице-президенти Рафа Юсте RAC1 радиоси билан суҳбатда.
Маълумот учун, «Барселона» 26 апрел оқшомида Испания кубоги финали доирасида «Реал»га қарши майдонга тушади. Килиан бу баҳсда мадридликлар сафида майдонга тушиш имкониятига эга бўлади.