"Барселона" футболчилари Педри ва Ферран Торрес жамоанинг бош мураббийи Ханси Флик давридаги интизом ҳақида гапириб беришди.
"El Hormiguero" юмористик шоуси эфирида футболчилар Флик ҳар қандай тадбирга кеч қолган ўйинчиларни захирага ўтказиб қўйиш одатидан воз кечганини айтишди. Аввалроқ бундай жазога Рафинья ва Маркус Рэшфорд лойиқ кўрилган, Жюль Кунде эса уч марта жазоланган эди.
"Пунктуалликка (вақтга риоя қилиш) келсак, бизда қоидалар бироз ўзгарди. Агар кеч қолсанг, жарима тўлайсан", – деди Педри. Ферран эса жарималар миқдори 40 минг еврогача етиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Футболчиларнинг таъкидлашича, Флик ҳатто уч сониялик кечикишни ҳам кеч қолиш деб ҳисоблайди. "20 дақиқа учун қанча тўланишини тасаввур ҳам қилолмайман", – деди Ферран.
Шунингдек, ўйинчилар 61 ёшли немис мутахассиси футболчиларнинг Тикток-видеолар олишига ва кийиниш хонасидаги шўхликларига "халақит бермаслигини" қайд этишди.