Баҳрайн ва Қувайт Эроннинг Қатардаги АҚШ базасига берган зарбасидан сўнг ёпилган ўз ҳаво кенгликларида фуқаро авиацияси парвозларига қўйилган чекловларни бекор қилди.
Бу ҳақда икки давлат авиация маъмурияти маълум қилди.
Дубай аэропортлари ҳам қисқа паузадан кейин тўлиқ ишлай бошлади, бироқ баъзи рейслар кечиктирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
"Эҳтиёт чораси сифатида жорий қилинган вақтинчалик паузадан сўнг Дубай аэропортлари тўлиқ ишлай бошлади. Аэропортлар парвозлар жадвал бўйича амалга оширилишини таъминлаш учун авиакомпаниялар билан ишламоқда, бироқ айрим рейслар кечиктирилиши ёки бекор қилиниши мумкин", — дейилади амирлик ҳукумати баёнотида.
Кейинроқ Қатар ҳам ўз ҳаво ҳудудидаги парвозларга қўйилган чекловларни бекор қилди.
"Фуқаро авиацияси бош бошқармаси Қатар ҳаво ҳудудида қатнов қайта тиклангани ҳақида маълум қилди. Ваколатли органлар билан келишилган ҳолда зарур чоралар кўрилганидан кейин вазият нормал ҳолатга қайтди", — дейилади мамлакат авиация назорати идораси баёнотида.