Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Бағрикенглик – жамиятнинг ривожи

Бағрикенглик – жамиятнинг ривожи

Бағрикенглик тушунчасини ифодалашда адолат ва бардош, эътиқодлилик каби муҳим ва асосий сифатларга тўхталиб ўтиш зарур. Шу билан бирга баъзи кишилар томонидан қўлланиб келаётган бағрикенглик ҳақидаги бир ёқлама тушунчани ҳам муолажа қилиш лозим. Чунки бағрикенглик фақат бардош яъни бошқа дин вакиллари томонидан  амалга оширилаётган ҳар қандай ишга сабр қилиб тоқатни маҳкам этиш деб, баҳолаб ҳам, таърифлаб ҳам бўлмайди. Бағрикенгликнинг асоси адолат. Шу маънода бағрикенглик тушунчасига қўйидагича таъриф бериш мумкин: Бағрикенглик деб, жамиятдаги қонун – қоидалар ва ҳуқуқий нормаларни жамият аъзолари орасидаги турли дин,  миллат ҳамда ирқ вакиллари орасида ҳам бирдек адолат билан қўллаш, бағрикенглик ва бардош жиҳатдан ушбуни қўшиш мумкин: уларнинг диний ёки маълум ўзларига хос, қонунга хилоф бўлмаган ҳаракат ва тадбирларига чиройли муносабатда бўлиб, ғазаб ёки нафратни “изҳор” қилмаслик деганидир.

Ана энди ўзимиз келтирган таъриф асосида бағрикенглик аввало шахсга кейин эса жамиятга ва бутун давлатга келтирадиган фойдалари ва мамлакат тараққиёти йўлидаги манфаатларида ўзига хос алоқалари ҳақида тўхталиб ўтамиз. Адолат деган тушунчани ривожлантириш ва жамият  орасида уни татбиқ қилиш борасида Аллоҳ Қуръони Каримда кўп оятлар нозил қилган. Улардан бири:

 “Алтабба, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида хукм қилсангиз, адолат или хукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир”. (Нисо сўраси 58-ояти карима.)

Кўриб турганингиздек Аллоҳ одамлар орасида қандай дин ёки миллат соҳиби бўлса ҳам адолат билан ҳукм килишни  ва уни бош мезон этиб олишни буюрмоқда.

Адолатли жамиятларда ривожланиш энг юқори чўққига чиқиб олишига тарихдан ҳам кўплаб гувоҳлар келтиришимиз мумкин. Келинг, “Тарих китоби”ни варақлашда биринчи бўлиб ҳурмат ва одоб юзасидан Аллоҳнинг ҳабиби, инсоният муаллими Муҳаммад алайҳиссаломнинг  ибрат ва ҳикмат чироқлари билан ёритилган ҳаётларига назар ташлаймиз. Чунки Ислом-бу адолат дини. Исломга эргашганлар хам адолат ва ҳақиқат умматларидир. Бунинг барига эса расулуллоҳнинг мана бу  биргина ишлари улкан намуна бўла олади.

“У зот Бадр куни саҳобаларининг сафларини қўлларидаги кичик таёқ билан тўғирлаб борардилар, шунда Адий ибн Нажжор жамоасининг шериги Савод ибн Узайянинг ёнларидан ўтаётиб, у сафдан чиқиб турганини кўргач, тўғри тургин эй Савод!, дея қўлларидаги таёқча билан тегиб қўйдилар. Шунда у: “Расуллуллоҳ, оғритдингиз, Аллоҳ сизни адолат ила юборган, мен ҳам энди сиздан ўч олайин”, деди.  Расуллуллоҳ: “Майли, олақол!”, дедилар. Савод бўлса: “Менга таёқни теккизганингизда куйлагим йўқ эди, деганди, Аллоҳнинг пайғамбари қоринларини очиб бердилар-да, мана ўчингни олгин!, дедилар. У бўлса у зотнинг қоринларини маҳкам қучиб, ўпиб олди ...

Мана сизга Исломнинг ўрнатган адолати-ю, унинг чексиз фойдаларидан бир кўриниш. Бошқа подшоҳлик ва амирликлар тарихида адолатни кўрмоқчи бўлсангиз Жаҳонгирмирзо, Амир Темур ҳазратларининг тузган салтанатларига бир назар ташаб қўйинг!

Бағрикенгликнинг таърифимиздаги иккинчи асоси бардошлилик ҳақида ҳам кўплаб гапириш мумкин. Аммо... Бардошлилик – яхши хислат ва фазилатлардан саналади. Шундай экан бардошли киши барча жамият аъзолари томонидан севилади. Чунки бундай инсон жиззаки бўлмайди. Ичи бировнинг сирлари билан тўлиб кетса ҳам, уни ошкор қилмайди. Қалбида ғазаб ёки нафратни кўтариб юрмайди. Шундай бўлганидан кейин у жамият манфаатлари ва тараққиёти йўлида муҳаббат билан ҳаракат қилади. Натижада ташқи таъсирларга ҳам ўзига хос муносабат билдира олади. Ҳозирги  кунда авж олган “Халифалик тузиш”“Ислом давлати”ни барпо қилиш ғоясининг вакилларида айни шу жамият ва давлатга нисбатан нафрат ва ғазаб бор. Демак, бағрикенгликнинг бир қисми бўлган “бардошлилик” жамият аъзоларини бундай ғояларга ўралашиб қолиб, давлат ривожланишига улкан зарар келтиришдан сақлайди.

Бағрикенглик орқали турли миллат ва дин вакилларининг орасида муҳаббат уйғонади. Бу эса “давлат цивилизация” си учун муҳим ўрин тутади.

Чунки ривожланиш учун ҳамма бирдек ҳаракат килиши лозим. Агар жамиятдаги кишилар бир – бирини дини, миллати сабабли ажратиб бир ёқадан бош чиқармаса, кутилган ривожланишни “ТУШ” да кўриш мумкин,  холос.

Бағрикенглик орқали жамият аъзолари содда тил билан айтганда халқ орасида психологик барқарорлик ҳамда хавфсизликни пайдо бўлишида “Подшоҳнинг тожи” (чунки тожсиз подшоҳни тасаввур қилиш қийин)каби вазифани ўтайди.

“Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бағрикенглик орқали инсоннинг иммунетити мустаҳкам бўлади. Шу билан бирга депрессион ҳолатлар содир бўлиши кузатилмайди”, дейилади АҚШда чоп этилган журналларнинг бирида.

Хулоса шуки, бугунги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар халқимизнинг тарихий-маданий тажрибаси маҳсули сифатида Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишидан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегияси халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир.

Manba: muslim. uz

Киритилди: 21:30 22.10.2019. Ўқилди: 10553 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!