Яхши қўшиқ инсоннинг кайфиятини, руҳиятини кўтаради, бадиий дидини, маънавий оламини бойитади. Шу боис бугун санъат ривожига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Юртимизнинг кўплаб ҳудудларида янги мусиқа мактаблари очилмоқда, санъат кошоналари қад кўтаряпти.
Бироқ мавжуд шароит ҳамда кўрсатилаётган эътиборга қарамасдан санъаткорларимиз томонидан яратилаётган асарларнинг барчасини ҳам халқимиз диди, менталитети, маънавий даражасига мос, деб бўлмайди. Енгил-елпи қўшиқлар ҳамон концертларда ижро этилмоқда, теле ва радиоканаллар орқали эфирга узатилаётир.
Қофиясиз, туроқсиз, тўмтоқ, кўча тилига яқин бўлган сўзлардан иборат қўшиқлар ҳам куйланмоқда. Бир аёл хонанданинг “Олмали аймоқча” деб номланган қўшиқ матнида шундай сўзлар келтирилган: “Олмали аймоқча, лаблари қаймоқча, шу болани сўрасангиз, ҳаммасидан бўлакча”. Бошқа аёл хонанданинг бир қўшиғидаги мана бу сўзларга нима дейсиз: “Бунча ширин ўзга боғнинг олмаси...” Буни айтиш тўғрими?
2017 йил 3 август куни Президентимизнинг мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан бўлган учрашувида айнан санъат аҳлига мурожаат қилинди ҳамда бу йўналишдаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш йўллари аниқ-тиниқ белгилаб берилди.
Ушбу учрашувдан сўнг “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошида Қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бўйича Бадиий кенгаш ташкил этиш ғояси илгари сурилди. Жорий йилнинг февраль ойидан Бадиий кенгаш ўз фаолиятини бошлади. Маънавият тарғиботчилари, шоирлар, клипмейкерлар, санъатшунослар, бастакорлар ва хонандалардан иборат кенгаш томонидан шу йилнинг ўтган тўққиз ойида хонандалар тақдим этган жами 165 та видеоклип кўриб чиқилди. Ижодий ишларнинг 32 таси бутунлай рад қилинди.
— Кейинги пайтларда айрим хонандалар томонидан ижро этилаётган маъносиз қўшиқлар ҳамда уларга ишланган клиплар хусусида турли эътирозлар билдирилмоқда, — дейди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси масъул ходими, Бадиий кенгаш аъзоси Матлуба Темур қизи. — Танқидлар ўринсиз эмас. Бадиий кенгаш низомида қатор талаб ва шартлар белгиланган. Жумладан, видеоклипларда миллий менталитетимизга хос бўлмаган, ёшларнинг руҳий-маънавий оламига салбий таъсир кўрсатадиган, “оммавий маданият” унсурлари, яъни ўарбга тақлид қилиш ҳоллари, уруш ҳамда гиёҳвандлик саҳна тасвирлари, очиқ-сочиқ кийимлар, беҳаё хатти-ҳаракатлар ўрин олмаслиги кераклиги қатъий белгилаб берилган. Энг асосийси, қўшиқ матни, яъни шеър мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳар бир ижрочига уқтириб келиняпти. Қолаверса, бизга тақдим этилаётган видеоклипларнинг айримларида қўшиқнинг мазмуни бошқаю ундаги тасвирларнинг маъноси умуман бошқа эканлигини кўрамиз. Бачкана хатти-ҳаракатлар, умуман, кераксиз гап-сўзлар... Кенгаш аъзолари мана шундай қусур ва камчиликларни бартараф қилиш йўлида жиддий иш олиб боряпти.
Таассуфки, шунча чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамай, эфир орқали баъзан маъно-мазмунсиз, бадиий жиҳатдан саёз қўшиқ ва клиплар намойиш этиляпти.
Яқинда эфир орқали бир хонанданинг янги қўшиғига олинган клипга кўзим тушиб қолди. Клип эпизодида хонанда тўйда келин образида бир даста гулни тескари турган ҳолда келин дугоналарига отиб юборади. Қизлар эса уни илиб олиш учун ташланади. Маълумки, ўарбга хос бу анъана орқали қизлар биз ҳам тезроқ эрга тегайлик қабилида иш тутадилар. ўарбнинг бу борадаги қарашларини тушунса бўлар. Чунки уларнинг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, ўзлари амал қиладиган расм-русумлари, одатлари бор. Биз эса шарқона менталитетга эга халқмиз. Клипдаги ҳолатларни кўриб, бизнинг қизларда ўзбекона ибо-ҳаё, иффат тушунчалари қаерда қолди, деган хаёлга борасиз.
Айрим клипларимизда қўшиқчиларнинг ташландиқ жойлардаги деворларда акс эттирилган, ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган расмлардан иборат стрит-арт ёзувлари ёнида ёки қурилиши чала иншоотлар ичида туриб қўшиқ куйлаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Мақсад — бундай ёзув ва расмларни тарғиб қилишми? Ёки бу орқали “оригинал” бўлиб кўринишми?! Бизнингча, бу савиясизлик, хориж фильмлари ҳамда клипларига кўр-кўрона тақлид қилиш, улардан андоза олишдан бошқа нарса эмас. Санъатнинг маънавиятимизни бойитадиган кучли восита эканини ҳисобга олсак, бу ҳолат ёшлар тарбияси ва дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиши аниқ.
Баъзан телеканаллар орқали “Ўзбекконцерт” бадиий кенгаши муҳокамасидан ўтмаган қўшиқ ҳамда клиплар ҳам эфирга узатилмоқда. Сабаби баъзи хусусий телеканаллар эфир орқали бунинг эвазига мўмай даромад топади. Хонанда эса фалон миллион сўмга тайёрланган “ижод маҳсули” бесамар кетмаганидан, уни реклама қилганидан хурсанд.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси масъул ходимларининг бу масалага ойдинлик киритишича, айрим талабга жавоб бермайдиган қўшиқ ва клиплар телеканалларда “кўриниш” бераётганининг асосий сабаби улар Бадиий кенгаш тузилгунига қадар каналларга тақдим этилган. Шу боис улар ҳамон “истеъмолда”. Рад қилинган клипларнинг ойнаи жаҳонда эфирга узатилишининг олдини олиш учун ташкилот ҳар бир телеканал масъулларига кенгашдан ўтмаган “ижод маҳсуллари” рўйхатини берган. Бу эса айримлар учун “айни муддао” бўлмоқда.
— Таассуфки бугун айрим хонандалар томонидан куйланаётган қўшиқларга ўзбекона оҳанглар етишмаяпти, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошида Қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бўйича Бадиий кенгаш раиси Азим Муллахонов. — Агар бунинг олди олинмаса, эртага қўшиқларимизда ўзбекона оҳанг қолмайди, бошқа халқларнинг мусиқалари аралашиб, бизнинг миллий куй-мусиқамиз йўқолиб кетади. Шунинг учун Бадиий кенгаш йиғилишларида бастакорлар, мусиқий сайқал берувчиларга, қўшиқ ҳар қанча замонавий бўлмасин, керакли жойларига ўзбекона оҳангни ҳам қўшишни қаттиқ уқтирамиз.Янги бир кенгаш тузилса-да, ушбу кенгашда телевидение ва радио вакиллари ҳам бўлсин. Ушбу кенгаш вакиллари клипларни ҳам, қўшиқларни ҳам, шеърларни ҳам савия жиҳатидан муҳокама қилишсин, урф-одатларимизга, миллат табиатига тўғри келмайдиган қўшиқлар ҳамда клиплар санъат даражасидами ёки йўқми, шуни кўриб чиқишсин. Шундагина телевидение ва радио вакиллари ҳам бу масалада масъулиятни янада чуқурроқ ҳис этган бўлар эди.
Бундай муаммоларнинг урчиб кетишида ўзимиз ҳам айбдормиз. Дейлик, тўй-ҳашамларда тўртта-бешта қўшиққа оғзини қимирлатиб, мўмай пул олиб кетадиган “бирровчи”лардан Маъмуржон Узоқов, Муроджон Аҳмедов, Таваккал Қодиров, Камолиддин Раҳимов сингари устоз санъаткорларнинг машҳур қўшиқларини айтиб беришларини талаб қилмаймиз! Тўғри, эстрада қўшиқчилари қандай қилиб бундай мумтоз ашулаларни айтади, уларнинг йўналиши бошқа-ку, дейишингиз мумкин. Халқимиз қалбининг тўридан жой олган, бундай дарғалар ижодидан мутлақо бехабарларни санъаткор, деб бўлмайди. Бир-икки маротаба ана шундай талабларни бажара олмай, халқ олдида изза бўлган одам кейинги сафар тўйга боришдан олдин яна бир бор хижолат тортмасликка ҳаракат қилади. Зеро, қўшиқ — маънавий мулк. Истеъмолчи сифатида унга нисбатан талабни кучайтирмас эканмиз, сифатсиз, маъно-мазмунсиз куй-қўшиқларнинг тингловчиси бўлиб қолаверамиз.
Шаҳзод ҒАФФОРОВ.
Таҳририятдан: муаллиф мақолада қўшиқчилик санъатида ижро маҳорати, мусиқий клиплар хусусида эътиборга молик фикрларини баён этган. Унга қўшилиш ёки қўшилмаслик ҳам мумкин. Таҳририят замонавий эстрадамизнинг бугунги кўринишига нисбатан таклиф-мулоҳазаларингизни кутиб қолади.
Зеро, ҳақиқат кўпчиликнинг хулосалари орқали аниқланади.
Manba: xs.uz