Дубайдаги аукционда автомобиль рақами рекорд даражадаги 55 миллион дирҳамга (тахминан 15 миллион доллар) сотилди, деб хабар берди Bloomberg.
Маълум қилинишича, Emirates Auction P7 давлат рақамини шанба куни хайрия кимошди савдосида сотган. Тушумлар муҳтожларга ёрдам бериш мақсадида БАА вице-президенти ва Бош вазири, Дубай ҳукмдори Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактумнинг "1 миллиард порция” гуманитар ташаббусини амалга оширишга йўналтирилади. Ким ошди савдоси ғолиби номи ошкор этилмаган.
Бирлашган Араб Амирликларида автомобиль рақамларини ким ошди савдосида сотиш ғайриоддий ҳол эмас. Аввалги рекорд 2008 йилда ўрнатилган эди. Маҳаллий тадбиркор Саид Абдел Ғаффар Хури Абу-Дабида 1 рақамли автомобиль рақами учун 52,2 миллион дирҳам (тахминан 14,2 миллион доллар) тўлаган.