Бугун 13 апрель, 2021 йил, сешанба

O'ZB

"Аёллар можароси": Тошкентда эркак туркиялик фуқарони уриб ўлдирди

"Аёллар можароси": Тошкентда эркак туркиялик фуқарони уриб ўлдирди

Зафар Раҳмонов 2020 йил 17 июль куни соат 23:30да Чилонзор туманида жойлашган хонадонда вақтинча бирга яшаган таниши Туркия Республикаси фуқароси Мехмет Мустафанинг бегона аёлларни олиб келиб, маишат қилганидан жаҳли чиқади. Хонадонга келиб, у билан даҳанаки жанжаллашиб қолади. Мехмет Мустафани уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, зарба беради. Унинг мувозанатни йўқотганидан фойдаланиб, бошига, юзига бир неча маротаба қўли билан уради. Шунингдек, баданининг турли қисмларига оёғи билан тепиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган оғир шикаст етказади. Мехмет Мустафа олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этади. Бу ҳақда "Даракчи" ёзмоқда.    

“Менга чойнак ирғитди...”

Судланувчи Зафар Раҳмонов суд жараёнида айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагича кўргазма берди: 

– Чилонзор туманидаги хонадонларнинг бирини мен, Туркия фуқаролари Мехмет Мустафа ва Демир Сулаймонлар ижарага олдик. Улар билан бирга “Тошкент Сити”да қурилишда бирга ишлардик. Бизнинг ижара уйимизга дўстим Бобур Рустамов ҳам тез-тез келиб турар, баъзан шу ерда қолиб дам олиб кетарди. 2020 йилнинг 17 июль куни уйда эмасдим, ижара уйимизга Бобурнинг келганини эшитиб, унга қўнғироқ қилдим. Бироқ у гўшакни кўтармагани учун бирга яшовчи Демир Сулаймонга қўнғироқ қилдим. У билан гаплашаётганимда қизларнинг кулган овозлари эшитилди. Уйга бегона қизларни ким олиб келди, бақир-чақир бўлса қўшниларнинг жаҳли чиқади, деб асабийлашдим. Демир менга қизларни Мехмет олиб келганлигини, ҳозир улар дўстим Бобур билан биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилишаётганини айтди. Бу гапни эшитганимда мен ҳам Қибрай туманида жойлашган қурилиши объектига яқин жойдаги дўконда спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирганим сабабли бироз маст эдим. Ўртоқларимнинг маишат қилиб ўтирганидан жаҳлим чиқиб, йўловчи машинада ижара уй томон йўл олдим. Етиб келиб, уйга кирмасдан Демирга қўнғироқ қилдим, “пастга туш” дедим. У тушгандан кейин гаплашиб олдик ва бирга уйга чиқдик. Хонага кирсам балкондаги стол-стулда Мехмет, Бобур ва икки нафар ёшроқ аёллар спиртли ичимлик ичиб ўтиришарди. Мен Мехметга “Бу ишингни ижара уй эгаси билиб қолса, уйдан чиқариб юборади”, дедим. У эса туркчалаб онадан сўкинди. Унга “Нимага сўкинасан?” дегандим, стол устида турган чойнакни менга ирғитди. Бундан жаҳлим чиқиб, ёқасидан тортдим, юзига бошим билан зарба бердим. Мехмет бу зарбани кутмагани учун бор бўйи билан ошхона полига йиқилди. Унинг йиқилганидан фойдаланиб, танасининг турли қисмларига оёғим билан тепкиладим. Биз жанжаллашганимизда хонада ўтирган Демир, Бобур ва аёллар ташқарига чиқиб кетганди. Мехметни ўлдириш ниятим йўқ эди, агар уни ўлдирмоқчи бўлганимда стол устида пичоқ турганди. Биз у билан ҳар доим яхши муносабатда бўлиб келганмиз, жаҳлим чиққанидан нима қилганимни билмай қолдим...

 

Ҳукм ўқилди

Зафар Раҳмонов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмининг “д” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Анваржон Иминов, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси, 

Лола Шоимова, журналист.

Киритилди: 17:01 07.04.2021. Ўқилди: 5381 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!