Айни дамда Ўзбекистонни қаттиқ туман қоплаган. Туман ҳодисаси сабабли майда дисперс заррачалар (PM2,5, PM10) кўрсаткичлари ошиши кузатилиши мумкин.
Туман ҳодисаси пайдо бўлишига юртимизга кириб келган совуқ ва нам ҳаво массалари сабаб бўлган. Ўзгидромет 10 декабрга келиб бутун республикада ҳаво ҳарорати пасайиши ҳақида хабар берганди.
Шунингдек, таъкидлаш лозимки, республика ҳудудидаги чанг заррачаларининг тахминан 55–60 фоизи ташқи ҳудудлардан кириб келади. Охирги кунларда шамол тезлиги паст бўлгани, шунингдек инверсия жараёнларининг шакллангани ҳамда ҳозирда туман ҳодисаси кузатилаётгани туфайли ушбу чанг заррачалари ҳаво қатламларида туриб қолмоқда ва тарқалиб кетиши қийинлашмоқда.