Бугун 3 июнь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Автомобиллардан чиқинди улоқтираётганларга нисбатан чазо чораларини кучайтириш лозим — Бахтиёр Пулатов

Автомобиллардан чиқинди улоқтираётганларга нисбатан чазо чораларини кучайтириш лозим — Бахтиёр Пулатов

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига транспорт воситаларидан чиқинди ташлаганлик учун жазо чораси кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилиши кўзда тутилади. Бу ҳақда 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясида белгилаб қўйилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бахтиёр Пулатов бу чора-тадбирларни маъқуллади.

Депутатнинг фикрича, бу бежиз эмас, албатта. Негаки чиқиндилар атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий воситалардан ҳисобланади ва аксарият чиқиндилар, хусусан, пластиклар узоқ муддат чиримайди ва табиатга зарар етказади. Транспорт воситалари ҳайдовчилари кўчага ташлайдиган чиқиндиларнинг аксарият қисмини эса айнан пластик идишлар ташкил этади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91¹-моддасида белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима қўллаш белгиланган. Ваҳоланки, дунё тажрибасида бундай ҳуқуқбузарликларга катта миқдорда жарималар қўлланилади. Шунинг учун бизда белгиланган жарима миқдорини ҳам кўпайтириш, жазо чорасини кучайтириш лозим (масалан, ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда БҲМнинг 3-5 баравари, такрорий ҳолатда 10-15 баравари).

Баҳолашларга кўра, ҳайдовчилар ва йўловчилар кўчалардаги чиқиндиларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Масалан, Буюк Британияда йилига йўллардан тахминан 200 000 қоп чиқинди йиғиштириб олинади, бу чиқиндилар таркибига фастфуд қопқоқлари, тамаки қолдиқлари, пластик бутилка ва бошқалар киради.

Тадқиқотларга қараганда, йўллардаги барча чиқиндиларнинг тахминан 53 фоизи автомобиллар ҳайдовчилари ва йўловчилари томонидан ташлаб кетилади. Бу чиқиндилар орасида тамаки қолдиқлари, овқат ва ичимлик қопоқлари, пластик бутилка ҳамда қоғоз маҳсулотлари кўп учрайди.

Ўтган йилги маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида 638,8 мингдан ортиқ транспорт воситаси мавжуд, унга қўшимча равишда бир кунда пойтахтга ўртача 150 мингдан 300 минггача транспорт воситаси кириб келади. Энди тасаввур қилинг, бир кунда ҳар 10 та автомобилдан биттасидан чиқинди ташланганда ҳам Тошкент кўчалари бир кунда 15 мингдан 30 мингтагача чиқинди билан тўлади. Бу эса салбий оқибатларни келтириб чиқариши таъин.

Юқоридаги рақамлар автомобиллардан чиқинди ташлаш жиддий муаммо эканлигини ва бу ҳолат алоҳида эътибор ҳамда ечимларни талаб қилишини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам концепцияда айнан шундай ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо чораларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Киритилди: 11:53 23.05.2025. Ўқилди: 600 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!