Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Автомат кир ювиш машиналарида ювилган кийимлар пок бўлмайдими?

Автомат кир ювиш машиналарида ювилган кийимлар пок бўлмайдими?

Савол: Ҳозирги кунда кўпчилик автомат кир ювиш машиналаридан фойдаланади. Унга пок ва нопок кийимлар аралаш солинади. Шундай ювилган кийимлар пок бўладими?

Жавоб: Нопок кийимлар замонавий автоматик кир ювиш машиналарида ювилса, шубҳасиз, пок бўлади ва улар билан турли ибодатларни бажариш мумкин.

Уламоларимиз нажосатларни иккига – кўринадиган ва кўринмайдиганга ажратадилар. Кўринадиган нажосатларни поклаш тўғрисида “Фатавои ҳиндийя”да шундай дейилади: “Агар кўринадиган нажосат бўлса, уни поклаш – айни ўзини кетказиш, агар изи (ранги, ҳиди) йўқоладиган нарса бўлса, изини йўқотиш билан бўлади. Бу ишда ювиш сонининг эътибори йўқ (“Муҳит”).

Бир марта ювганда нажосатнинг айни (яъни, ўзи) кетса, шу билан кифояланади. Агар уч мартада ҳам кетмаса, токи нажосатнинг айни кетгунча ювилади” (“Сирожия”).

Асмо розийаллоҳу анҳо айт дилар: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Бирортамиз кийимида ҳайз кўрса (яъни, кийи мига нажосат тегса), қандай қилади?” деди. У зот алайҳиссалом: “Уни (яъни, айни нажосатни) кеткизасиз, ке йин сув билан ишқалаб ювасиз. Сўнгра у кийимда намоз ўқийверасиз”, деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий ривояти).

Асари (яъни, ҳиди ёки ранги) кўринмайдиган нажосатдан поклаш – уни уч маротаба ювиш ва агар имкони бўлса, уч маротаба сиқиш билан бўлади (“Мухтасарул виқоя”).

“Аслида кийимни нажосатдан поклаш (ювиш) “Энди кийим тоза бўлди”, деган хаёлга келгунча давом этади. Чунки мана шундай ғолиб гумон шаръий масалаларда (хусусан, аниқ билиш узрли бўлган ҳолатларда) далилдир. Лекин васвасадан қутулиш учун ювишнинг сонини уч ёки етти марта, деб белгилаб қўйилади” (“Ихтиёр”).

Демак, кўринмайдиган нажосатларда сиқиш имкони бўлган ашёларни поклаш учун уларни уч маротаба ювиш ва ҳар ювганда сиқиб, имкон қадар сувини чиқариб юбориш лозим бўлади.

Замонавий кир ювиш машиналарида ювилган нарсаларни ҳукми ҳақида Мисрнинг “Дарул-ифто” фатво ҳайъати қуйидагича хулоса қилади: “…Кийимларни автоматик кир ювиш машиналарида поклаш – бошқа ювиш усулларидан кўра анча мукаммалдир. Чунки аввал бошда бир неча марта ювиш билан нажосатнинг айни – таъми, ранги ва ҳиди йўқолади. Кейинги (тўртинчи ва бешинчи) ювишлар билан нажаслик ҳукми ҳам кетади. Кийимларни автоматик машиналарда поклаш – уларни нажосатдан мукаммал тозалашдир”.

Демак, автомат кир машиналарга солинган нопок кийимларга дастлаб совунли сув қуйилганда (тахминан уч марта) нажосат тарқалади, лекин шу билан бирга ундаги айни нажосатлар кетади. Тўртинчи ва бешинчи марта тоза сув билан ювилганда эса нажосат ҳукми бутунлай кетади. Бунинг устига ҳар гал сув қуйиб ювилганда кийимдаги сув буткул чиқариб юборилади ва бу сиқишнинг ўрнига ўтади.

Автомат кир ювиш машинаси ичидаги кийимлар солинадиган чамбарак (барабан)нинг ўзи қандай пок бўлади, дейилса, унга “Фатавои ҳиндийя” китобида келтирилган жумла билан жавоб берилади: “Нажосат кийим учта кир ювиш тоғорасида (бир мартадан) ёки битта тоғорада уч марта ювилса ва ҳар сафар сиқиб олинса, пок бўлади. Чунки шу тарзда ювиш одат тусига кирган. Агар шунда ҳам кийим покланди, деб ҳисобланмаса, одамларга машаққат бўлади”.

Хулоса ўрнида, ҳозирги кунда оммалашиб улгурган автоматик кир ювиш машиналарида ювилган кийим ва матоларни нажосатдан тўлиқ пок ланган дейишимиз мумкин.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, юқорида айтилган ҳукмлар фақат тўлиқ автомат кир ювиш машиналарига тегишли, ярим автомат ёки оддий кир ювиш машиналарига тегишли эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонида

Киритилди: 21:45 17.01.2021. Ўқилди: 8807 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!