Сўнги вақтларда бунёд этилаётган ойнаванд бекатлар пойтахтимиз кўркига янада кўрк қўшаётгандек. Йўловчилар учун янада қулайлик яратиш мақсадида яратилган бу имкониятдан аҳоли мамнун.
Тадбиркорлар учун кенг имконият берилиб, бекатлардан савдо объекти сифатида фойдаланиши учун қулайликлар яратилган. Пойтахтимиздаги кўплаб йўналишдаги бекатларни ойнали қилиб қурилаётгани, иссиқ-совуқдан пана эканидан қувонган эдик. Аммо қувончимиз узоққа чўзилмади. Кечқурун агар дўкон ишлаб турган бўлса, автобус бекатларининг эшиги очиқ бўлади, бўлмаса қулф. Бекат йўловчилар учунми ёки харидорлар учунми?
— Кечги саккиздан кейин бизнинг бекат қулфланади, – дейди Сергели туманида яшовчи Азим Муҳаммаджонов. – Ҳозир кунлар иссиқ. Қор-ёмғирли кунларда анча қийналдик. Бир марта бекат эшигини қулфлаётган сотувчидан нега ёпиб қўйишини сўрасам, “Замон ёмон, одамларга ишонч йўқ. Нарсаларни ўғирлаб, синдириб кетишади”, деди. Ёқа ушладим. Наҳотки. Шундай тўкин-сочин замонда, тинч-хотиржам яшашнинг имкони йўқ. Ўзи фойдаланадиган буюмларга зиён келтирадиган, ўз юрти равнақини кўролмайдиган юртдошларим бўлса-я....
Бу гап қанчалик тўғри ёки нотўғри билмадиму, лекин ҳамма бекатлардаги йўл харитасини кўрсатувчи таблолар тўлалигича ишламаётгани, бекатларнинг кечки пайт тадбиркорлар томонидан қулфланиши аҳолига ноқулайлик туғдираётгани ҳақиқат.
Худбин, ўзидан бошқани кўрмайдиган одамга нисбатан “Қўлингни учини берсанг, елканггача тортиб олади”, деган нақл бор халқимизда. Ҳар бир соҳада яратилаётган шароитлар, берилаётган имтиёзлар, кенг ва қулай шарт-шароитларнинг барчасидан оқилона фойдаланиш лозим. Ҳар бир ишдаги меъёр бардавом ривожланиш омили бўлади.
Мамлакатимиздаги ўзгаришлар, янгиланишлар, яратилаётган шароитлардан қувонамиз, жаннатмонанд юртда туғилганимиз учун шукроналар айтамиз.
Шу юрт равнақи, тараққиёти учун фуқаролик бурчимизни ҳис этиш, "бир ёқадан бош чиқариш” вақти келмадимикин? Тиниб-тинчимасдан ихтиролар қилиш, уни ҳаётга татбиқ этиш, ундан оқилона фойдаланиш керак холос.
ЎзА