Австрия ҳукумати 4 май куни россиялик уч нафар дипломатни персона нон грата (исталмаган шахс) деб эълон қилди ва ҳайдаб юборди. Бунга дипломатик бинолар томларига ўрнатилган ва жосуслик учун ишлатилганликда гумонланган антенналар сабаб бўлди.
Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Венадаги Россия давлатига тегишли биноларга, айниқса, дипломатик ходимлар яшайдиган турар-жой мажмуаларига ўрнатилган кўплаб сунъий йўлдош антенналари узоқ вақтдан бери Австриянинг асосий ички разведка хизмати эътиборини тортмоқда. Масъуллар ушбу ускуналар бошқа мамлакатларнинг сунъий йўлдош алоқаларини кузатиш ва тинглаш учун ишлатилиши мумкинлигини истисно қилмаган.
"Дипломатик иммунитетдан жосуслик мақсадида фойдаланиш мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас," — деди ташқи ишлар вазири Бит Майнл-Райзингер ўз баёнотида
2020 йилдан бери мамлакатдан ҳайдалган россиялик дипломатлар сони 14 нафарга етди.
Унинг таъкидлашича, бу уч дипломат аллақачон мамлакатни тарк этган.
Австрия давлат телерадиокомпанияси бу уч кишини элчихона ходимлари деб таърифлади. Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади, бироқ тафсилотлар келтирмади.
Россиянинг Венадаги элчихонаси бу борадаги сўровга дарҳол жавоб бермади. Бироқ Россиянинг РИА Новости ахборот агентлиги элчихонага таяниб, Москва бу қарорга қатъий жавоб беришини маълум қилди.