Австрия Халқаро жиноий суд қарорини бажаришини ва Россия президенти Владимир Путин мамлакатга келса, уни ҳибсга олишини билдирди. Бу ҳақда мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва Конституция масалалари бўйича вазири Каролина Эдтштадлер маълум қилди.
У Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олиш тўғрисидаги буйруқ эълон қилиниши ва чиқиши Путин “Австрия тупроғига қадам қўйган бўлса, уни ҳибсга олиш керак” деган маънони англатишини таъкидлади.
“Австрия халқаро ва жиноий қонунчилик бўйича ўз мажбуриятларини бажаради”, — деди Эдтштадлер.
Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Халқаро жиноий суди Россия президенти ва унинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Лвова-Беловани украиналик болаларни Россия ҳудудига мажбуран депортация қилишда айблаб, уни ҳибсга олишга ордер берди.