16 ёшгача бўлган фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш кучга кирганидан кейин атиги бир ой ичида платформалар австралиялик ўсмирларга тегишли тахминан беш миллион аккаунтни блоклаган. Бу ҳақда АЗЕРТАДЖ хабар берди.
Бундай маълумотларни Австралиянинг интернетни тартибга солувчи органи eSafety тақдим этган. Айрим платформалар бу чекловга оид аккаунтларни охирги муддатгача бир неча ҳафта олдинёқ ёпишни бошлаганини маълум қилган.
Ҳукуматнинг талабларнинг бажарилишига оид дастлабки маълумотлари платформаларнинг қонунни бажариш учун сезиларли қадамлар қўяётганини кўрсатади. Ушбу қонун талаблари бажарилмаган тақдирда 49,5 млн австралия доллари (тахминан 33 млн АҚШ доллари) миқдорида жарима солиниши кўзда тутилган, аммо жавобгарлик болаларга ёки уларнинг ота-оналарига юкланмайди.
Meta компанияси Instagram, Facebook ва Threads платформаларидан 550 мингга яқин вояга етмаган фойдаланувчининг аккаунтини ўчирганини хабар қилди. Фойдаланувчиларнинг энг кичик ёшига оид талаблар YouTube, TikTok, Google'га тегишли Snapchat ва X тармоқларига ҳам татбиқ этилади.
Электрон хавфсизлик бўйича комиссар Жули Инман Грантнинг айтишича, айрим вояга етмаганларнинг аккаунтлари ҳали ҳам фаол бўлиб турибди, шунинг учун тақиқнинг тўлиқ бажарилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Шунга қарамай, дастлаб тақиққа тушган барча компаниялар уни бажараётганини маълум қилган.
Руҳий саломатлик соҳасидаги мутахассислар иштирокида ўтказиладиган тадқиқот бу тақиқнинг узоқ муддатли оқибатларини бир неча йил давомида кузатишни кўзда тутади.