Австралия минтақадаги хавфсизлик таҳдидлари туфайли Абу-Даби ва Тель-Авивдаги элчихоналарини, шунингдек, Дубайдаги консуллигини вақтинча ёпди.
Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Пенни Вонг маълум қилди.
"Абу-Даби, Дубай ва Тель-Авивдаги ваколатхоналаримиз ўтган ҳафта ёпишга мажбур бўлди", деб таъкидлади у.
Вазир Австралия дипломатик ваколатхоналари жойлашган камида тўққизта шаҳар ракета ва дрон ҳужумларига учраганини таъкидлади.
"Эроннинг жавоб ҳужумлари биз илгари кўрмаган миқёсда ва чуқурликда давом этмоқда. Можаро авж олиши ва яқин келажакда давом этиши мумкин", деб қўшимча қилди Вонг.
Австралия расмийлари шунингдек, БАА ва Исроилдаги дипломатларнинг оила аъзоларига мамлакатни тарк этишни буюрди. Вазир Эроннинг ҳужумлари австралияликлар, жумладан, тинч аҳолининг ҳаётини хавф остига қўйганини ва тижорат рейслари қайта тикланаётган бир пайтда ҳукумат жабрланган фуқароларни қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.