Тошкентдаги Aviator савдо марказида юз берган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ёнғиндан кейин вайроналар остидан 2023-йил май ойида туғилган қизнинг жасади топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (Нодавлат тижорат ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилоти мансабдор шахсларининг ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, 31 январ куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги Aviator савдо марказида йирик ёнғин содир бўлган эди.