Бугун 9 февраль, 2026 йил, душанба

O'ZB

АУИК Ўзбекистоннинг уч соҳадаги лойиҳаларига инвестиция киритди

АУИК Ўзбекистоннинг уч соҳадаги лойиҳаларига инвестиция киритди

Озарбайжон–Ўзбекистон инвестиция компанияси (АУИК) Ўзбекистонда олий таълим, рақамли инфратузилма ва чакана савдо соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларга янги инвестициялар киритилганини маълум қилди.

Таълим соҳасида АУИК Тошкент шаҳрида жойлашган, “Cintana Education” ва “Arizona State University” билан ҳамкорликда фаолият юритаётган “American University of Technology” устав капиталига кирди. Тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Маблағлар университет инфратузилмасини ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади. АУИК ушбу лойиҳадаги иштирокини рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга хизмат қиладиган замонавий академик муҳитни шакллантириш, шунингдек, мамлакатнинг илмий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган амалий ҳисса сифатида баҳолайди.

«Лойиҳа халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш, таълим ва бошқарув амалиётларини жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистонда олий таълим тизимининг институционал ривожини қўллаб-қувватлашга қаратилган», — дея маълум қилди компания вакили.

Ўзбекистонда рақамли инфратузилманинг ривожланиши дата-марказлар, ҳисоблаш қувватлари ва IT-ечимларга бўлган талабнинг ўсиши билан кечмоқда. Шунга кўра, технологик секторда АУИК “Engineering+” компанияси билан қўшма корхонага 1,7 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритди. Лойиҳа ICE+ иммерсион совитиш технологияси асосида янги авлод дата-марказлари ускуналарини, жумладан микро-ЦОДлар ва сунъий интеллект ҳамда булутли ҳисоблаш вазифалари учун юқори унумли серверларни маҳаллийлаштирган ҳолда ишлаб чиқаришни назарда тутади. Ишлаб чиқариш ички бозорга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспортга йўналтирилади.

Шунингдек, компания маҳаллий чакана савдо тармоғига 15 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритди. Битим тармоқни кенгайтириш, логистика инфратузилмасини ҳамда операцион жараёнларни ривожлантиришга қаратилган.

Аввалроқ маълум қилинганидек, алоҳида лойиҳаларга киритилаётган инвестициялар ҳажми 1 миллиондан 25 миллион АҚШ долларигача бўлиб, сармоялар таълим, ишлаб чиқариш, логистика, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш каби иқтисодиётнинг қатор соҳаларидаги лойиҳаларга йўналтирилган.

Киритилди: Бугун 10:49. Ўқилди: 220 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!