Бугун 27 ноябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Атлантикада 2 тоннадан ортиқ кокаин ортилган яхта ушланди

Атлантикада 2 тоннадан ортиқ кокаин ортилган яхта ушланди

Испания наркополицияси Атлантика океанида Польша байроғи остида сузиб юрган 14 метрлик елканли яхтани тўхтатди. Кема бортидан 2,1 тонна кокаин топилди. Испания ҳукумати маълумотига кўра, гиёҳванд моддаларнинг Европа бозоридаги қиймати тахминан 164 миллион еврони ташкил қилиши мумкин.

Яхта июль ойида Испаниянинг Росес портидан йўлга чиққан ва шундан бери ҳуқуқ-тартибот органларининг яширин кузатувида бўлган. Испания соҳилларидан қарийб 650 километр узоқликда кема тўхтатилиб, турли жойларга яширилган 70 та гиёҳванд модда ўрами аниқланган.

Операция давомида Аргентина, Уругвай, Колумбия ва Албания фуқаролари бўлган тўрт нафар гумонланувчи қўлга олинган. Яна бир гумонланувчи Испаниянинг Жирона шаҳрида ушланган.

Испания божхона хизмати маълумотига кўра, юк ортида елканли кемалар орқали гиёҳванд моддалар ташишга ихтисослашган профессионал жиноий гуруҳ турган бўлиши мумкин. Терговчилар ушбу гуруҳ Шарқий Европа ва Болқон минтақасидаги жиноий тармоқлар билан ҳамкорлик қилган бўлиши эҳтимолини ўрганмоқда.

Кокаиннинг аниқ манбаси ҳозирча маълум эмас. Тергов версиясига кўра, гиёҳванд моддалар Жанубий Америкадан Атлантикада очиқ денгизда бошқа кемадан яхтага юкланган ва кейин Европа томон олиб келинган бўлиши мумкин.

Киритилди: 06:40 23.09.2026. Ўқилди: 842 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар