Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 28 январ кунги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилди.
Регуляторнинг изоҳлашича, 2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори даражада шаклланди ва бу жараёнда барқарор ялпи талаб омиллари устувор бўлди. Инфляция пасайиш динамикасида давом этиб, товарлар нархлари ўсиши секинлашиши кенг қамровли хусусият касб этмоқда.
Шу билан бирга, талаб омиллари таъсирида хизматлар инфляциясининг нисбатан юқори сақланиб қолиши, шунингдек, айрим озиқ-овқат товарлари нархлари ўсиши умумий инфляциянинг барқарор пасайишига муайян хатарлар туғдирмоқда. Ушбу шароитда пул-кредит сиёсатининг жорий қатъий даражада сақлаб қолиниши инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида шаклланишини таъминлайди.
Келгуси чоракларда ҳам инфляция ва инфляцион кутилмалар барқарор пасайишда давом этган тақдирда, тартибга солинадиган нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, пул-кредит шароитлари қатъийлигини сақлаб қолган ҳолда асосий ставкани пасайиш томонга кўриб чиқиш имкониятлари юзага келади, дейилади расмий релизда.