Айни кунларда Ашхобод шаҳри катта кураш байрами билан нафас олмоқда. Олимпия шаҳарчаси дунёнинг барча қитъасидан ташриф буюрган 500 дан ошиқ иштирокчилар билан гавжум.
Бугун "Боша-бош" спорт мажмуаси мажлислар залида кураш ҳакамлари ва мураббийлари учун семинарнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Халқаро Кураш ассоциацияси Президенти Ҳайдар Фармон, IKA Бош котиби Муҳаммад Реза Нассирий ва Халқаро Кураш институти ректори Ҳабибулла Таджиевлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққан IKA Президенти барча иштирокчиларни катта Кураш байрами билан қутлади. Анъанага мувофиқ ассоциациянинг барча мусобақалари дастурига Кураш мураббийлари ва ҳакамлари учун семинарлар ташкил этиш йўлга қўйилганини эътироф этди.
Шунингдек, бу ерда нафақат янги билим ва тажрибалар орттириш мумкинлиги, балки кураш ҳамжамияти янада кенгайиши, янги дўстлар ортиши, курашни ўргатиш ва оммаллаштириш бўйича янги-янги методикалар ўрганиш мумкинлиги таъкидланди.
Шундан сўнг IKA Бош котиби семинар дастурлари ва имтиҳонларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирди.
Маълумот учун, Қоидага мувофиқ барча иштирокчилар назарий ва амалий машғулотларда иштирок этишади. Унда Кураш усуллари ва қоидалари, техника ва баҳолаш тизими бўйича янги ўзгаришлар IKAнинг тажрибали экспертлари томонидан тақдим этилади.