Жорий йилнинг 1 март куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланди.
10 март куни эса ана шу тадбир доирасида Яшнобод туманидаги Технопарк мажмуасида «Яшил макон» шиори остида Манзарали дарахтлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси томонидан ташкил этилган ушбу кўргазмада ушбу соҳада фаолият олиб бораётган маҳаллий ҳамда хорижий малакали мутахассислар дарахтларни танлашда ва экишда қандай омилларга эътибор бериш кераклиги, шаҳарга қандай дарахтлар экилиши маъқуллиги ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Шунингдек, Artel компанияси раҳбарияти ҳам сўзга чиқиб, компания 4000 та янги дарахт ўтқазишни мақсад қилганини ва буни ўзининг корпоратив ижтимоий масъулияти деб билишини таъкидлади.
Тадбир давомида компания раҳбарияти ва ходимлари Миробод тумани, Саид Барака кўчасида бир нечта дарахт экиш ишларини амалга оширдилар. Бу жараёнга компаниянинг 300 га яқин ишчиси жалб қилинди.
«Яшил йиллик» тадбири доирасида 10-20 март кунлари шаҳримизнинг марказий, аҳоли гавжум кўчалари бўйлаб 10 000 дона манзарали дарахтлар экилиши режалаштирилган. Бу жараён маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар назорати остида, оммавий ахборот воситалари вакиллар иштирокида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси 2021 йил ноябрда эълон қилиниб, 200 млн туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Кузда 85 млн дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 млн дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда.