Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакат Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев айтганидек, «янги Украина»га айланмаслигини билдирди. Бу ҳақда у журналистлар билан брифингда маълум қилди.
«Арманистон — бу Арманистон ва Арманистон бошқа ҳеч нарсага айланмайди. Арманистон тобора Арманистон Республикасига, тобора суверен давлатга айланиб боради!» — деди Пашинян.
Аввалроқ Медведев Эрон Республикаси давлат телерадиокомпаниясига берган интервьюсида Арманистон ташқи сиёсий курсининг ўзгариши мамлакат учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, «Арманистон билан содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмон нарса — унинг янги Украинага айланиши».
Пашинян Медведевнинг бу баёнотини шарҳлар экан, у нима сабабдан бундай фикр билдирганини тушунмаганини айтди. Шу билан бирга, бош вазир жавобида Арманистоннинг сўзларига кўра, Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти мамлакат олдидаги мажбуриятларини бажармагани ҳақида ҳам гапирди.
Сўнгги бир неча йилда Москва ва Ереван муносабатлари кескинлигича қолмоқда. Май ойидан бошлаб Россия Арманистоннинг турли маҳсулотлари, жумладан, алкоголли ичимликлар, сабзавот, мева, балиқ, сут ва гуллар импортига босқичма-босқич чекловлар жорий қилди.
Биринчи чекловлар 7 июнь куни Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловларидан бироз олдин пайдо бўлган. Никол Пашинян партияси ғалаба қозониб, Ереван Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза берганидан кейин чекловлар сони яна кўпайди.
Июль ойи бошида Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Арманистон учун савдо имтиёзларини кенгайтиришни режалаштираётганини маълум қилди. Унга кўра, Арманистон экспортининг қарийб 80 фоизи божхона тўловларидан озод қилиниши мумкин. Шунингдек, мамлакат савдони мустаҳкамлаш ва диверсификация қилиш учун 18 миллион евро олиши кутилмоқда.
Бу вазият фонида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистондан Европа Иттифоқи ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида танлов қилиш бўйича референдум ўтказишни талаб қилди. Ереван эса ўз маҳсулотларини бошқа бозорларга, жумладан Европа бозорига йўналтиришни бошлади.