Бугун 19 март, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Аргентина ҳам ЖССТдан чиқди

Аргентина ҳам ЖССТдан чиқди

Аргентина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) аъзолигини тўхтатди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Пабло Кирнонинг айтишича, бу қарор расмий хабарнома юборилганидан бир йил ўтиб, 17 март, сешанба куни кучга кирган.

Кирно X ижтимоий тармоғида шундай ёзди: “Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорликка икки томонлама келишувлар ва минтақавий форумлар орқали кўмаклашишда давом этади, шу билан бирга ўз суверенитетини ва соғлиқни сақлаш сиёсати масалалари бўйича қарор қабул қилиш имкониятини тўлиқ ҳимоя қилади”.

Бир йил аввал Аргентина ҳукумати БМТ бош котиби Антониу Гутерришга ЖССТ таркибидан чиқиш нияти ҳақида хабар берган эди. Мамлакат президенти Хавер Милей бу қадамни ЖССТнинг Covid-19 пандемияси даврида олиб борган сиёсатига норозилик билан асослаган.

Шунга ўхшаш қарорни Аргентинадан тахминан бир ой олдин АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти қабул қилган эди ва у январ ойи охирида кучга кирган. Шу тариқа, Қўшма Штатлар 1948 йилда ташкил этилган ва 190 дан ортиқ аъзога эга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиққан биринчи мамлакатга айланди. Трамп ЖССТни коррупция, самарасизлик ва Хитой ҳамда бошқа давлатларнинг сиёсий босимига ён босишда айблаган.

АҚШ ва Аргентина қарорлари ортидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарияти ходимлар сонини қисқартирмоқда. Кутилишича, жорий йил охирига қадар ЖССТ ходимларининг 25 фоизи ишдан бўшатилади.

Киритилди: Бугун 13:50. Ўқилди: 399 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!