Аргентина ҳукумати инвестиция эвазига фуқаролик бериш дастурини ишга туширишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Иқтисодиёт вазири Луис Капуто ташаббусни 2-октабр куни Парижда ўтказилган Аргентина ҳафталиги доирасида эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, дастур инвестиция муҳитини яхшилаш, мамлакат очиқлигини таъминлаш ва глобал интеграциясини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасининг бир қисмидир.
Чет элликлар Аргентина фуқаролигини мамлакат хазинасига $350 минг миқдорида бир марталик бадал тўлаш ёки махсус фоизсиз облигацияларга $800 минг инвестиция киритиш орқали олиши мумкин.
Аризачиларнинг яқин қариндошлари ҳам қўшимча тўлов эвазига улар билан бирга Аргентина паспортини олиши мумкин. Турмуш ўртоқлар, шунингдек, турмуш қурмаган ва фарзандлари бўлмаган 18−25 ёшдаги фарзандлар учун қўшимча тўлов $100 мингни ташкил этади.
18 ёшгача бўлган фарзанд учун тўлов $25 минг бўлади. Аргентина ҳукумати маълумотига кўра, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор эр-хотин мамлакат фуқаролигини $500 мингга олиши мумкин.
Дастур доирасида жалб қилинган маблағлар «Аргентина бюджети ва молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлаш»га йўналтирилади. Аризаларни қабул қилиш жорий йил охиригача бошланиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, ҳар бир ариза ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, молиявий мониторинг хизмати ва бошқа ташкилотлар томонидан ўрганилади.
Аризачиларнинг обрўси ва қонунларга риоя қилиши, шунингдек киритилаётган маблағларнинг қонуний манбадан олингани текширилади.
Reuters нашрининг қайд этишича, Аргентина янги дастур орқали иқтисодиётга қўшимча маблағ жалб қилишни кутмоқда.