Хитой савдо келишуви доирасида АҚШга нодир металлар етказиб беришни фақат ярим йилга тиклашга рози бўлди.
The Wall Street Journal нашрнинг ёзишича, Пекин бу орқали Вашингтон билан янги савдо зиддиятлари юзага келган тақдирда таъсир ўтказиш воситасини ўзида сақлаб қолишни кўзлаган.
АҚШ эса Хитойга реактив двигателлар ва пластмасса ишлаб чиқариш учун зарур бўлган этан каби маҳсулотларни сотишга қўйилган чекловларни юмшатишга рози бўлган.
Хитойликлар, шунингдек, Қўшма Штатларнинг танқис ва муҳим технологиялари, жумладан, юқори технологияли чиплар ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имконини қўлга киритишни хоҳламоқда.
"Бу ҳозирча муҳокама қилинмаяпти, аммо хитойликлар бу борада босимни давом эттиради", — деди нашр манбаси.
"Битим фақат Доналд Трамп ва Си Жинпин томонидан имзолангандан кейингина кучга киради. Томонларда августгача кенгроқ савдо келишувини муҳокама қилиш учун вақт бор, шу билан бирга, бу муддат узайтирилиши ҳам мумкин", дея хабар бермоқда WSJ.