Бугун 19 ноябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

АҚШда хорижий талабалар сони 15 фоизга камайди

АҚШда хорижий талабалар сони 15 фоизга камайди

Виза сиёсатидаги ўзгаришлар ва коллежларда ўқиш тўловларининг ошиши АҚШдаги хорижий талабалар сонини кескин камайтирди. Бу ҳолат АҚШ иқтисодиёти учун жиддий молиявий қийинчиликларга олиб келиши мумкин, деб хабар беради CNBC.

"Халқаро таълим институти" (Institute of International Education) нотижорат ташкилотининг ҳисоботига кўра, 2026 йил кузги семестрда АҚШга ўқишга қабул қилинган янги халқаро талабалар сони олдинги ўқув йилига нисбатан 15 фоизга камайди. 2025-2026 ўқув йилида эса бу кўрсаткич 17 фоиздан кўпроққа камайди. Бу асосан Ҳиндистон ва Хитойдан келган абитуриентлар сонининг камайиши билан боғлиқ.

АҚШдаги кўплаб коллежлар хорижий талабаларни жалб қилишни устувор вазифа деб билади. Бироқ, ҳисоботда бу йўналишда бир қатор тўсиқлар мавжудлиги ҳам кўрсатилган. Хусусан, АҚШда ўқиш тўловлари бошқа мамлакатларга нисбатан қиммат. Бундан ташқари, аксарият F-1 ва J-1 визаларининг амал қилиш муддатини тўрт йил билан чеклайдиган янги қоидаларга оид ноаниқликлар ҳам хорижий талабаларни жалб қилишга тўсқинлик қилмоқда.

Хорижий талабалар маслаҳатчилари миллий ассоциацияси (NAFSA) таҳлилига кўра, хорижий талабалар 2025-2026 ўқув йилида АҚШ иқтисодиётига тахминан 40 миллиард доллар ҳисса қўшган. Бу йил талабалар сонининг камайиши АҚШ иқтисодиётига тахминан 2,4 миллиард долларга тушиши тахмин қилинмоқда.

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлигининг таҳлилида F-1 талаба визаларини олиш тартибига киритилган сўнгги ўзгаришлар хорижий талабаларга жуда боғлиқ бўлган баъзи АҚШ коллежлари ва университетларининг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.

Киритилди: 23:55 18.11.2026. Ўқилди: 256 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар