АҚШ Давлат департаменти 2 апрелдан бошлаб виза дастурининг кенгайтирилган версияси кучга киришини маълум қилди. Илгари қамраб олинган 38 та давлат қаторига яна 12 та давлат қўшилди, деб хабар беради АҚШ Давлат департаменти.
Янги қоидаларга кўра, мазкур 50 та давлат фуқаролари туристик ва бизнес В1/В2 визаларига ариза беришда 15 000 долларгача гаров пули тўлашлари шарт.
Дастурга янги қўшилган 12 та давлат: Грузия, Мўғулистон, Маврикий, Камбоджа, Эфиопия, Гренада, Лесото, Мозамбик, Никарагуа, Папуа-Янги Гвинея, Сейшель ороллари ва Тунис. Илгари дастур асосан Африка мамлакатлари, жумладан, Жазоир, Бангладеш, Ботсвана, Куба, Нигерия, Замбия ва бошқаларни қамраб олган эди.
Агар ариза берувчига виза берилмаса ёки у Қўшма Штатларда бўлиш талабларига тўлиқ жавоб берса, гаров пули қайтарилади. Давлат департаменти маълумотларига кўра, ушбу чора визалари муддати тугаганидан кейин мамлакатда ноқонуний қоладиган чет элликлар сонини камайтиришга қаратилган.
Дональд Трамп маъмурияти қаттиқ иммиграция сиёсатини олиб бормоқда. Бунинг бир қисми сифатида депортация, визалар ва грин-карталарни бекор қилиш, шунингдек, иммигрантларнинг ижтимоий тармоқларини текшириш амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ушбу дастурни фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш деб танқид қилса-да, расмийлар уни ички хавфсизликни таъминлашнинг самарали воситаси деб ҳисоблашади.