АҚШ президенти Дональд Трамп ўз кабинети йиғилишида Венесуэла устидаги ҳаво макони АҚШ тижорат авиацияси учун очилишини маълум қилди.
Трампнинг айтишича, у Венесуэла президентининг ваколатли вакили Делси Родригес билан суҳбат ўтказган ва АҚШдан Боливар Республикасига парвозларни қайта тиклаш бўйича қабул қилинган қарор ҳақида уни хабардор қилган.
«Мен [транспорт вазири] Шон Даффи ва барча масъул идораларга, жумладан ҳарбийларга, кун охиригача Венесуэла устидаги ҳаво маконини самолётлар учун очишни топширдим», — деди АҚШ президенти.
Шунингдек, Трампнинг таъкидлашича, нефть компаниялари аллақачон Венесуэладаги конларни ўрганиш ишларини бошлаган. Унинг фикрича, бу минтақада рекорд даражадаги иқтисодий фойда келтириши мумкин.
Расмийлар ушбу қарор икки давлат ўртасидаги ҳаво қатнови ва иқтисодий алоқаларни тиклашда муҳим қадам бўлишини қайд этмоқда.